Ўзбекистон | 18:30 / 25.07.2018
11264
4 дақиқада ўқилади

Ўтган йил 28 тоннадан ортиқ гўшт утилизация қилинган

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг  қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда мазкур қўмиталар ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан 2018 йилнинг май-июнь ойларида “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Фото: senat.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 2017 йил ва 2018 йилнинг 1 апрелига қадар стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари ҳамда метрология ва сертификатлаштириш қоидалари бажарилиши юзасидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва сотувчи 67 та тадбиркорлик субъектида ўтказилган давлат назорати текширувларида 183 турдаги озиқ-овқат маҳсулотидан 42 турдагиси амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмас, деб топилган.

Шунингдек, 2017 йил давомида Давлат санитария-эпидемиология хизмати томонидан санитария-эпидемиология хулосасини расмийлаштириш даврида жами 385,1 кг., 2 608 л., 265 дона қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена норматив талабларига жавоб бермаганлиги учун белгиланган тартибда йўқ қилинган.

Ўтган давр мобайнида ветеринария ва лаборатория кўриклари натижаларига кўра кушхона ва деҳқон бозорларида истеъмолга яроқсиз деб топилган 28,6 тонна гўшт, 118,7 тонна субмаҳсулотлар, 104,7 тонна сут ва сут маҳсулотлари ҳамда 3 022 тонна ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган тартибда утилизация қилинган.

Мажлисда қайд этилганидек, айрим ишлаб чиқарувчилар шахсий манфаатларини кўзлаб, маҳсулот қадоқларида сақлаш шароитлари ва ишлаб чиқарилган саналарни кўрсатмаслиги оқибатида савдо расталарида узоқ муддат сақланиб, яроқлилик муддати ўтиб бўлган маҳсулотлар фуқаролар томонидан истеъмол қилиниши ошқозон-ичак тизимида бузилишлар, бошқа турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Фото: senat.uz

Аксарият озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳа асосида қурилмаганлиги, маҳсулотлар бошқа мақсадлар учун қурилган биноларда ишлаб чиқарилиши, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ҳар бир жараёнида хавфсизлик талаблари бажарилмаслиги, озиқ-овқат қўшимчаларини белгиланган рецептура асосида меъёрида қўшилмаётгани, уларни қадоқлаш, тамғалаш, ташиш ва сақлаш ҳамда технологик жараёнлар кетма-кетлигига риоя этилмаётгани айрим ҳолларда одамларнинг соғлигига жиддий зарар келтирмоқда.

Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган амалдаги аксарият санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат тилида тайёрламаганлиги кенг аҳоли орасида мазкур ҳужжатлар билан танишиш имконини бермаяпти.

Фото: senat.uz

Бугунги кунда ветеринария соҳасида 1300 дан зиёд олий маълумотли мутахассис етишмаяпти. Чорвачиликка ихтисослашган 5 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ва 2 мингга яқин паррандачилик хўжалигида ветеринария врачи штат бирлиги мавжуд эмас.

Шунингдек, хонадонларда ҳайвонларни сўйиш ишлари ҳам назоратдан четда қолмоқда.

Мамлакатда ўсимлик кўчатларида, ўсимлик ва мева-сабзавот уруғларида генетик модификацияланган организмларни аниқлаш бўйича ишлар ҳам ташкил этилмаган.

Мажлис якунига кўра озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги қонун ҳужжатларини ҳамда назорат механизмларини такомиллаштириш юзасидан қўшма қарор қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид