Ўзбекистон | 10:40 / 29.07.2018
39316
2 дақиқада ўқилади

Америкаликлар Ўзбекистонда «иккинчи нон»​ни етиштиришга ёрдам бермоқчи

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати

АҚШнинг CETS компанияси бош директори Жанина Патрик бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда юқори сифатли картошка уруғини етиштириш технологиясини жорий этиш бўйича таклиф билдирди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 15-18 май кунлари АҚШга қилган расмий ташрифи чоғида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Американинг CETS компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганди. Меморандумда кўзда тутилган ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиши мақсадида CETS компанияси бош директори Жанина Патрик бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрган.

«Биз таклиф этаётган технологиянинг афзаллик томони шундаки, у ортиқча шарт-шароит талаб қилмайди. Махсус фототронларда етиштириладиган картошка уруғлари серҳосиллиги билан ажралиб туради. Биз юртингизга бир кунга келганимиз йўқ. Бугун технологиямизни сотиб, шу билан қайтиб кетиш ниятида эмасмиз. Ўзбекистон билан узоқ ҳамкорлик қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», - дейди компания бош директори Жанина Патрик хоним.

Шунингдек, учрашувда меҳмонлар билан  кадрлар малакасини ошириш бўйича айрим масалалар муҳокама қилинган. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестицияларни жалб этиш ва уларни мониторингини юритиш бошқармаси бошлиғи Абдумалик Намозов «иккинчи нон»​ ҳисобланган картошка уруғи айни пайтда кўп миқдорда хориждан импорт қилинаётгани, бу борадаги самарали ҳамкорлик Ўзбекистонни картошка уруғига бўлган эҳтиёжларини қондириши йўлида ташланган қадам бўлишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этиш учун Вашингтон шаҳрига келган Ўзбекистон Республикаси делегацияси АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. 

Конгрессмен Ўзбекистон ва АҚШ, жумладан ўзи сайланган Миссисипи штати ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирганди.​

Мавзуга оид