Спорт | 15:56 / 30.07.2018
15340
8 дақиқада ўқилади

Гол ва Мот: Суперлига интригалари. «Пахтакор», «Локомотив» ёки «Навбаҳор»?

Ўзбекистон Суперлигаси ҳал қилувчи паллага яқинлашиб бормоқда. Балки, одатий форматда ҳозирда 6 очколик фарқ билан турнир жадвалини бошқариб турган “Пахтакор”нинг имкониятлари жуда юқори баҳоланаётган бўларди. Аммо чемпионатимиз тарихида биринчи марта “олтин очколи” тизим амал қилмоқда ва ушбу тизим асосида ҳисобланганда, учинчи босқич олдидан “Пахтакор”нинг устунлиги ҳозиргидек бўлмайди ва камида 4 жамоада чемпионлик учун реал имконият борлигини кўриш мумкин. 

Аввал, эътиборингизга 19-турдан кейинги мусобақа жадвалини ҳавола қиламиз. 

Яна 3 турдан сўнг, иккинчи даврага, бошқача айтганда, биринчи босқичга якун ясалади. Дастлабки 6 ўринни қўлга киритган жамоа алоҳида гуруҳ ташкил қилиб, юқори ўринлар учун, қўйи олти жамоа эса, лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун курашади. Жамоалар ўша олтиликдаги рақиблари билан уй-сафар тизимида бир мартадан яна ўйнаб чиқишади. Яъни, яна 10 тур бўлиб ўтади. 

“ОЛТИН ОЛТИЛИК”

Бу ерда энг муҳим ва нозик жиҳат шундаки, ҳал қилувчи босқичга жамоалари юқорида кўриниб турган очколар билан ўтмайдилар. Бошқа олтиликка ўтиб қолган жамоалардан олинган очколар куйиб кетади. Яъни, жадвалнинг юқорисида жойлашган жамоаларнинг фақат ўша олтиликдаги рақиблардан олган очколари сақланиб қолинади. Сезиб турганингиздек, бундай ҳисоблашда “Пахтакор”нинг жорий устунлиги йўққа чиқади. Дастлабки тўрт жамоалар бир-бирларига янада яқинроқ жойлашадилар. 

Ҳозирда “Металлург” 3 очколик фарқ билан 6-ўринни эгаллаб турибди. Назарий тарафдан ҳали “Қўқон”, “Насаф”, “АГМК”, ҳамда “Қизилқум” жамоаларида ҳам олтиликка кириш учун имконият бўлса-да, тақвимдан келиб чиқиб, барибир “Металлург”нинг имкониятларини юқорироқ баҳолаш мумкин. 

Шунинг учун эътиборингизга айнан бугунги олтиликдан келиб чиқиб, турнир жадвалини ҳавола қиламиз. Агар олтилик ўзгарадиган бўлса, бу жадвалга ҳам таъсир қилиши аниқ, албатта. 

Олтиликдаги жамоаларнинг қолган ўзаро ўйинлари:

20-тур. ПАХТАКОР – ЛОКОМОТИВ, БУХОРО-МЕТАЛЛУРГ
21 ТУР. НАВБАҲОР – БУХОРО
22 ТУР. БУХОРО - ЛОКОМОТИВ

Кўриб  турганингиздек, аслида чемпионлик учун кураш янада кескинроқ кечмоқда. Умумий жадвалда 4-ўринда кетаётган “Навбаҳор” айнан юқори ўриндаги жамоаларга қарши самарали ўйнагани учун сўнгги босқични ҳатто 1-ўринда бошлаш имкониятига ҳам эга. 

“Локомотив”ни эса, яширин фаворит деб аташ мумкин.Мавсумни жуда ёмон бошлаган “темирйўлчилар” энди маълум бўлишича, якунда керак бўлмайдиган очколарни йўқотган эканлар холос. “Локомотив” кейинги турларда “Бухоро” ва “Пахтакор” билан ўйинлар ўтказади, агар бу ўйинларни ўз фойдаларига ҳал қилишса, сўнгги босқични яққол пешқадам сифатида бошлашлари аниқ. 

“БУНЁДКОР” УЧУН ДИЛЕММА

Энг қизиқ жиҳат, “Бунёдкор” билан юзага келган. Жамоа ҳозирда шаклланган олтилик билан ўз ўйинларини ўтказиб бўлган. Кейинги ўйинлар гўёки, жамоанинг сўнгги босқичдаги очколарига таъсир қилмайдигандек. Лекин йўқ, ундай эмас. Ўша ўйинлар орқали, “Бунёдкор” “олтин очколарини” кўпайтириши ва камайтириб олиши ҳам мумкин. 

Мисол учун, кейинги турда “Бунёдкор” ўз майдонида “Қўқон 1912”ни қабул қилади. Бу ўйинда “Бунёдкор” мағлубиятга учрайдиган бўлса, қўқонликларда олтилик учун имкониятга эга бўлиб қолишлари мумкин. Хўш, нима бўпти? Агар “Қўқон 1912” 6-ўринни оладиган бўлса, “Бунёдкор” улардан очко ололмаган бўлиб чиқади. “Металлург”дан эса, Қосимов шогирдлари 1 очко олишга муваффақ бўлишган. Демак, агар “Бунёдкор” гўёки очко таъсир қилмайдиган ўйинда қўқонликларга ютқазса, “олтин очко”си 1 тага камайиши мумкин. 

Ундан ҳам қизиғи, “Бунёдкор”нинг “Насаф” билан ўйинида содир бўлиши мумкин. Ғирт парадоксал ҳолат. Гап шундаки, “Бунёдкор” биринчи даврада “Насаф”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган. Кейинги турда бу рақиблар Қаршида тўқнаш келишади. “Бунёдкор” Қаршида мағлубиятга учраса, “Насаф”нинг 6 ликка кириш имконияти пайдо бўлади. Олтиликка “Металлург” эмас, “Насаф” кирса, “Бунёдкор”га фойда. Чунки “Бунёдкор” “Насаф”дан 3, “Металлург”дан 1 очко олган. Қаранг, “Бунёдкор” Қаршида мағлубиятга учраб, очколарини сонини 16 тага етказиб олиши, аксинча, ғалаба қозониб, бирорта ҳам очко ололмаслиги мумкин. Зўр-а?

ЧЕМПИОННИ “МЕТАЛЛУРГ” АНИҚЛАЙДИМИ?

Давом этамиз. Ўша “Насаф”нинг олтиликка кириш йўлидаги тўсиғи “Пахтакор” бўлади. Сўнгги турда қаршиликлар “Пахтакор” меҳмони бўладилар. Табиийки, “Пахтакор” “Насаф”га ютқазмасликка ҳаракат қилади. Сабаби, “Металлург”нинг 6-ўринни олишида энг катта манфаатдор айнан “Пахтакор”дир.  Чунки, бекободликларга қарши ўйинларда айнан “Пахтакор” 6 очко олган холос. “Металлург” бошқа ҳамма жамоалардан камида 1 та бўлса ҳам очко олишнинг уддасидан чиққан. 

“Металлург”нинг олтиликка кириши “Пахтакор”нинг чемпионликдаги рақибларига нисбатан имкониятини оширади.  Нафақат очколар бўйича, шунингдек, “Пахтакор” учун бекободликлар энг қулай рақиб экани сир эмас. “Металлург”нинг асосий футболчилари “Пахтакор”дан ижарага олинган ва бу жамоага қарши ўйинларда майдонга тушмайди. Демак, сўнгги босқич баҳсларида ҳам “Металлург”нинг бўлиши “Пахтакор” учун осон қўлга киритилиши мумкин бўлган яна 6 очко деганидир. 

Умуман, сўнгги уч тур “Пахтакор” учун масъулиятли давр. Энг аввало, “Локомотив” билан ўйинда ғалаба қозониб, “темирйўлчилар”нинг пешқадамга айланишга йўл қўймаслиги керак. Қолган икки ўйинда эса, Арвеладзе жамоаси “Металлург”нинг олтиликка кириши учун “қарашиши” лозим. “Насаф”дан ташқари, “Пахтакор” Қўқонга ҳам боради. “Қўқон” ҳам юқорида айтилганидек, олтилик учун асосий даъвогарлардан бири. “Пахтакор” бу ўйинда ҳам ютқазмаслиги керак. Чунки “Қўқон 1912” биринчи даврада “Пахтакор” майдонида 1:1 ўйнаб қайтганди. Табиийки, “Пахтакор” учун “Насаф” (агар юта олмаса) ёки “Қўқон” эмас, айнан “Металлург” якунда олтиликка кириши айни муддао.    

Беихтиёр “Қашқирлар макони” сериалидаги Лаззиёнинг “Трабзонспор” ўзи чемпион бўлмайди, лекин чемпионни аниқлаб беради” деб айтган гапи эсга тушади. Гўёки, бизнинг чемпионатимизда бу ролни “Металлург” бажараётгандек туюлса-да, барибир, сўнгги босқичда яна 10 та учрашув бўлишини эсдан чиқармаслик керак. Табиийки, чемпион жамоа энди аввалги мавсумлар каби, сиртқи курашда аниқланмайди. Пешқадам бўладиган жамоа асосий рақиблари билан яна 2 тадан ўйинда майдонга тушишини эътиборга олсак, барча кураш ҳали олдинда. 
Жадвалнинг қўйи қисмидаги вазият юзасидан ҳам ҳали гаплашамиз. 

Қаҳрамон Асланов 

Мавзуга оид