Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президентдан кўмак олишга эришган тадбиркор қиз қандай тўсиқларга учрамоқда?
Kun.Uz сайти мухбири 10-14 июль кунлари Навоий ва Бухоро вилоятида бўлиб, бу ерда таҳририятга мурожаат қилганлар билан учрашди. Шундай мурожаатлардан бири “Довуд Ота келажаги” оилавий корхонаси раҳбари Гулҳаё Эргашевадан бўлганди.
2018 йил 25 январдан тадбиркорлик фаолиятини бошлаган Гулҳаё бизга берган интервьюсида ўзи дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида сўз юритди.
“2 март куни президентимиз Навоий вилоятига ташриф буюрганида Навбаҳор туманидаги “Довуд Ота келажаги” оилавий корхонаси номидан тадбиркорлик фаолиятимдаги муаммоларни айтдим. Мен давлат раҳбаридан нол қийматда бино, 400 млн сўм кредит ва ер майдони ажратиб беришни сўрагандим. Президентимиз ўша вақтнинг ўзида нол қийматда бино бериш вазифасини топширдилар. Туман ҳокими ҳозирги бинога қарор чиқариб, кадастрдан рўйхатдан ўтказиб берди”, - дейди Гулҳаё.

Унинг айтишича, давлат раҳбари кредит масаласини ҳал қилишни “Агробанк” бошқарувига топширган. Аммо, 16 фоизлик кредит таклифи ҳам ўз вақтида ҳал бўлмаган, фақат Бош прокуратура текширувга келганидан сўнггина банк ходимлари 400 млн сўм кредитни чиқариб беришган.
“Аммо ер майдонини ижарага бериш масаласи 5 ой ўтяптики, ҳал бўлгани йўқ. Туман ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқининг туман бўлими, вилоят ҳокимликларига қайта-қайта мурожаат қилмай, бу масала мен учун ечими йўқ бўлиб қолмоқда”, - деди ёш тадбиркор.
Унинг таъкидлашича, таклиф қилинган ерларга бориб кўрилади, аммо турли тўсиқлар пайдо бўлиб, у ер ҳам берилмайдиган бўлади. “Кредит олганимга 2 ой бўлди, кредит фоизини тўлаб ётибман, бироқ уни йўналтириш учун ер майдони ажратилмагани сабабли фақат фоиз тўлаш билан овораман. Айлантира олмаяпман”, - дейди Гулҳаё Эргашева.

Биз Гулҳаё ташаббуси билан ташкил этилган парранда фермасини бориб кўрдик. Унда 4 мингта бройлер жўжалари ҳар ойда гўшт учун етиштирилиб, мижозларга етказиб берилмоқда. Шу билан Ўзбекистонда парранда гўшти таъминотини яхшилашга озми-кўпми ҳисса қўшилмоқда. 5 киши доимий иш билан таъминланган.
“Аммо, қурилиш материалларим ҳам фермани ҳовлисида. Ер муаммосини ҳал қилиш бўйича жуда кўплаб мурожаат қиляпман. Бироқ туман ҳокими (Бахтиёр Бобоназаров, эндиликда собиқ – таҳр.) менинг муаммом билан умуман қизиққани йўқ. Кўпчилик тадбиркорлар билан мулоқотда бўламан, улар ҳам норози, нол қийматда бино ололмайди”, - дейди ёш тадбиркор куюнчаклик билан.
Гулҳаё ўзининг бизнес режалари билан ўртоқлашар экан, 40-50 мингта паррандага мўлжалланган бинолар қуриш учун ер майдони, паррандага озуқа базасини шакллантириш мақсадида 15 гектар ер ҳамда бугунги кунда парранда гўштларини музлатиш ва сақлаш иншоотларини барпо қилиш устида ўйлаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Навбаҳор тумани тадбиркорлари кўплаб маҳсулотлар етказиб беради, бироқ уларни сақлашга келганда муаммоларга дуч келишади. Жой йўқ.
Гулҳаёнинг таъкидлашича, у Термизга борганида мутасаддилар тадбиркорларга шароит яратиб берганлиги, экспорт масаласида кўмаклашаётганларига гувоҳ бўлган.
“Афсуски, бу ерда экспорт қилиш сенинг муаммонг, қандай экспорт қилсанг, шундай экспорт қил, дейди туманимиз ҳокими. У тадбиркорларни умуман қўллаб-қувватлаётгани йўқ”, - деди суҳбатдошимиз. Хуллас, унинг сўзларига кўра, Навоийнинг Навбаҳорида тадбиркорлар кўплаб сунъий тўсиқларга дуч келмоқда.

Биз мазкур масала юзасидан туман ҳокимлигидан жўяли изоҳ ололмадик. Ҳокимлик вакиллари, хабаримиз йўқ, биз билмаймиз, фалончи билади, қабилидаги шаблон жавоблар беришди, холос.
Ўйлаймизки, туманнинг янги раҳбарияти тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни қийнаётган ҳар бир масала бўйича аниқ чора-тадбирларни кўради ҳамда Гулҳаё каби тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларга конструктив ёндашувни йўлга қўяди.
Мавзуга оид
08:53 / 05.06.2026
Тиббиёт бирлашмасига ишга киритишни ваъда қилган тиббиёт ходимлари ушланди
11:44 / 22.05.2026
“Талафотлар дрон орқали ўрганиляпти” – Навоийда сел оқибатлари
18:48 / 21.05.2026
Навоийда кучли сел келди. Талафотлар бор
16:15 / 02.05.2026