Жаҳон | 08:05 / 31.07.2018
6212
2 дақиқада ўқилади

Британияда қизини мажбурлаб турмушга бермоқчи бўлган ота-она қамалди

Фото: PA

Британиянинг Лидс шаҳрида яшовчи жуфтлик қизини мажбурлаб турмушга бермоқчи бўлгани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда The Independent хабар бермоқда.

Улар 2016 йилда фарзандларига бутун оила Бангладешга қариндошларини кўргани боришини айтишади. Бангладешдаги қишлоқлардан бирига келишгач, 18 ёшли қизларига ўша ердаги қариндошига турмушга чиқишини айтишади.

Қиз бунга рози бўлмагач, ота уни ўлдиришини айтиб таҳдид қилади. Қиз Бангладеш пойтахти Даккадаги инглиз дипломатлари билан боғланади. Улар эса маҳаллий ҳукумат ёрдамида қизни хавфсиз жойга олиб кетишади. 2018 йил майда унинг ота-онаси мажбурий никоҳ, зўравонлик ва таҳдид қилишда айбдор деб топилади.

Нашрнинг ёзишича, бу 2014 йилдан буён юз берган иккинчи ана шундай ҳолатдир. Май ойида худди шундай жиноят учун ҳукм чиқарилганди. Ўшанда қизини алдаб Покистонга олиб борган ва ёши икки баравар катта эркакка турмушга берган аёл судланганди. Она 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид