Жаҳон | 10:19 / 01.08.2018
8655
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони подшоҳи «келажак шаҳар» - Неомда ҳукумат йиғилишини ўтказди

Фото: Ал Арабия

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз Ол Сауд сешанба куни Қизил денгиз соҳилида, подшоҳликнинг шимоли-ғарбий қисмида қурилган Неом «келажак шаҳри»да биринчи марта ҳукумат йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда «Ал Арабия» телеканали хабар бермоқда.

Ол Сауд душанба куни кечқурун Неомга янги курорт-шаҳарнинг биринчи меҳмони сифатида келган. У Миср ва Иордания ҳудудларини қамраб олиши мўлжалланмоқда.

Телеканал маълумотига кўра, Саудия ҳукумати Неомда «Анна Алла» ҳаракатидан бўлган яманлик исёнчиларнинг Боб-ал-Мандиб бўғозида Саудия нефть танкерларига яқинда юз берган ҳужумини муҳокама қилган. Шундан сўнг подшоҳлик нефтни бу денгиз йўли орқали экспорт қилишни тўхтатди. Ҳукумат денгиз йўллари эркинлиги ва хавфсизлигини таъминлаш лозимлиги ҳамда Қизил денгиздаги Ходайда порти устидан назоратни Яман қонуний ҳукуматига топшириш кераклигини таъкидлаган.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўтган йил октябрь ойида Неом глобал инновацион шаҳри ва курорти лойиҳасини тақдим этди. Мамлакат ҳукуматининг ваъда беришича, шаҳар эркин иқтисодий зонага айланиб, энергетика, сув ресурслари, транспорт, биотехнологиялар, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, саноатнинг инновацион турлари, медиа, кўнгилочар соҳа, рақамли технологиялар каби секторлардаги юқори технологияли бизнесдан олинган даромадлар ҳисобидан қурилади. У қайта тикланадиган манбалардан олинган электр энергияси билан таъминланади.

Мавзуга оид