Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вазирлар Маҳкамаси: республикада ғўзанинг ривожи орқада қолмоқда
Жорий йилда ғўза вегетациясининг бошланғич даврида об-ҳавонинг қуруқ ва салқин келиши ғўза парваришида ўта мураккаб вазиятни юзага келтирди ва республикада ғўзанинг ривожи 10-12 кунга, баъзи жойларда 12-14 кунга кечикди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Ғўза парваришида юзага келган мураккаб вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда ҳосилга ҳосил қўшишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилади.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ғўзанинг ривожи ўртача 8-10 кунга, Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида 10-12 кунга, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд ва Навоий вилоятларида 10-14 кунга орқада қолмоқда.
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида баҳор ойларида тупроқдаги табиий намнинг етарли бўлмаганлиги сабабли 89 минг гектар пахта майдонида чигит суви берилиб, ушбу майдонларда гектарига ўртача 50-60 минг туп кўчат олинган.
Шу билан бирга, агротехник тадбирларни муддатида амалга оширилмаганлиги оқибатида қуйидаги ҳолатлар кузатилмоқда:
биринчидан, ривождан орқада қолган майдонларга қўшимча агротехник тадбирлар — культивация, чуқур юмшатиш ишлари ўтказилмаганлиги оқибатида қолоқ майдонлар Қорақалпоғистон Республикасида 39 минг гектарни, Қашқадарё вилоятида 24 минг гектарни, Жиззах вилоятида 23 минг гектарни, Самарқанд вилоятида 22 минг гектарни, Тошкент вилоятида 13 минг гектарни, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида 12 минг гектарни ташкил этмоқда;
иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида иккинчи суғориш ўтказилмаганлиги сабабли ғўза майдонлари чанқатиб қўйилган. Хусусан, Ангор, Бекобод, Боғдод, Бувайда, Данғара, Зарбдор, Зафаробод, Каттақўрғон, Кегейли, Косон, Косонсой, Миришкор, Музработ, Оқдарё, Оққўрғон, Пайариқ, Пастдарғом, Пахтачи, Поп, Тахтакўпир, Ҳозарасп, Чимбой, Чиноз, Чуст, Қамаши, Қизириқ, Қўшкўпир, Ғузор, Шароф Рашидов, Шеробод ва Шовот туманларида чанқаган ғўза майдонлари 30-35 фоизни ташкил этади;
учинчидан, ғўза зараркунандаларига қарши кураш ишлари тизимли ташкил этилмаганлиги сабабли Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида 23 минг гектар майдонга кўсак қурти, Сурхондарё вилоятида 24 минг гектар майдонга беда қандаласи ғўза ҳосилига сезиларли даражада зарар етказган.
Бундан ташқари, Ангор, Боёвут, Боғдод, Бўз, Жарқўрғон, Мирзачўл, Норин, Олтиариқ, Оқдарё, Оқолтин, Риштон, Ромитон, Улуғнор, Учкўприк, Учқўрғон, Хатирчи, Қумқўрғон, Ғиждувон ва Шўрчи туманларида ғўза майдонлари ўргимчаккана билан зарарланишига йўл қўйилган.
Мавзуга оид
08:32 / 17.03.2026
Йирик ва мегалойиҳалар учун параллел экспертиза амалиёти йўлга қўйилади
15:31 / 14.03.2026
Ҳар икки йилда 3 минг нафар статистика мутахассиси ўқитилади
12:54 / 14.03.2026
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида янги битим тасдиқланди
10:12 / 10.03.2026