Ўзбекистон ўз келажаги учун пойдевор бўлгувчи идентификация рақамига тайёрми?
Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида, таълим сифатини ошириш ва тубдан янгилаш, туризмни ривожлантириш, инвесторларни жалб этиш, суд тизими мустақиллигини таъминлаш ва кўплаб бошқа йўналишларда катта ишлар қилинмоқда. Айниқса, халққа мана шу тарихий жараёнларда иштирок этишга, ислоҳотларга назарий ва амалий ҳисса қўшишга чет элда мен каби яшаётган ўзбекистонликларга ҳам имконият берилаётгани жуда қувонарли ҳол.
Шу маънода мен ҳам мана шу жараёнга ўз ҳиссамни қўшишга қарор қилдим ва ушбу мақола орқали дунёнинг илғор мамлакатларидан бири бўлган АҚШнинг 1935 йилдан бери амалда қўлланиб келинаётган бир тажрибаси ҳақида ўртоқлашишни лозим топдим.
Гап ижтимоий муҳофаза рақами (social security number) яъни, яшовчига умрбод бериладиган шахсий рақам ҳақида кетмоқда.
Хўш, ижтимоий муҳофаза рақами (ИМР) ўзи нима ва бу тизим фойдаланувчиларга қандай афзаллик ва шароит яратиб беради?
Мисол қилиб шахсан ўзим 8 йилдан буён АҚШда илм олиб, истиқомат қилиб келмоқдаман. Ижтимоий муҳофаза қилиш рақамлари АҚШда доимий ва вақтинча яшовчи ҳамда ишловчи инсонларга бериладиган 9 рақамдан иборат оддийгина бир карта ёки бир кичик қоғоз.
Бу рақам АҚШ федераль ҳукуматининг мустақил агентлиги бўлган Ижтимоий таъминот бошқармаси томонидан берилади. Ижтимоий таъминот рақамларининг асосий мақсади ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўлсада, амалиётда у солиққа тортиш ва бошқа мақсадлар учун ҳақиқий миллий идентификация (шахсни аниқлаш) рақамига айланиб бўлган.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш рақамини махсус форма тўлдириш орқали олиш мумкин. Ҳозирги куннинг ўзида АҚШда 453 миллиондан ортиқ ижтимоий муҳофаза рақамлари ҳужжатлаштирилиб бўлинган.
Бундай ИМРнинг Ўзбекистон шароитида жорий қилишнинг афзалликлари нимада ва бу билан қандай муаммоларимиз ечим топади?
Тасаввур қилинг, биргина кредит олиш учун банкка бордингиз, керакли ҳужжатларни йиғиб топширишингиз учун сизга бир неча кун ва ҳаттоки бир неча ҳафта керак бўлади. Бундан ташқари, керакли ҳужжатлар тўлиқ топширилгандан сўнг банк ҳужжатларингизни кўриб чиқиши учун яна бир неча кун кутишингиз керак. Узоқ кутиш, ҳужжатларни тўплашдаги қоғозбозликлар ҳеч кимга ёқмайди ва афсуски, кутиш туфайли олтиндан қиммат вақтни йўқотиш халқимиз учун оддий ҳолга айланиб қолди.
Мен сизга юқорида келтирган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш рақами тизими шу каби кутишларни, қоғозбозликларнинг олдини олади. Чунки бу тизимда ҳар бир кишининг ўз шахсий рақами бўлиб, шу рақам ортида сиз ҳақингиздаги барча маълумотлар, иш жойингиз, йиллик даромадингиз, ҳукумат олдидаги даражангиз, яшаш жойингиз, қисқача олиб айтганда, ҳамма шахсий маълумотингиз жамланган бўлади.
Сиз банкка борганингизда банк ходимларига сон-саноқсиз ҳужжатларни эмас, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан шахсий рақамингиз (ИМР)ни кўрсатшингизни ўзи кифоя.
Яна бир қулайлик томони банк ходимлари ИМР орқали сиз ҳақингиздаги маълумотларни кўриб чиқиб, бир неча дақиқалар ичида сизга тасдиқдан ўтган ёки ўтмаганлигингиз ҳақидаги маълумотни беришлари мумкин бўлади ва бу тизим Кредит тарихи, яъни қарздорнинг қарзларни қоплаш учун жавобгарлиги тизимини яратишда ҳам қўл келади.
Бу усул АҚШда жуда кенг тарқалган. Масалан, бу ерда сиз озиқ-овқат, кийим-кечак ёки уй жиҳозлари олиш учун дўконларга борганингизда, шу ернинг ўзида сизга кредит карточкаси очишни таклиф қилишади. Кредит карточка очиш учун сиз банкка бориб ўтиришингиз, ҳужжатларни йиғиб ва яна кутишингиз шарт эмас, ҳаммаси ўша дўконнинг ўзидаёқ бир неча дақиқа ичида ҳал бўлади. Бунинг учун ИМР рақамингизни улар томонидан кўрсатилган тизимга қўйишингизнинг ўзи кифоя. Айнан уша тизим сиз ИМРингизни киритганингизда автоматик равишда таҳлилдан ўтказиб, бир неча сония ичида сизни қанчалик кредитбардош эканлигингизни маълум қилади.
Бу тизим махфийлаштирилган бўлиб сиз киритган рақамдан тортиб сиз ҳақингиздаги маълумотлар фақат тизимнинг ичида махфий равишда таҳлилдан ўтади. Сиз ҳақингиздаги ҳеч қайси бир маълумотни дўкон ходимлари кўра олмайди. Машина ёки уй сотиб олмоқчи бўлганлар ҳам шунга ўхшаш шаклда ИМР рақамларидан фойдаланиб тасдиқдан ўтишади ва бир кун ичида уй ёки автомобиль эгаси бўлишади.
Бу мисол фақат банк соҳасига тегишли холос. ИМР тизими турмуш тарзимизнинг жуда кўп жабҳаларида бизга муҳим аҳамиятга эга ҳужжат сифатида тез, самарали, таниш-билишу, порахўрликсиз қулай ва энг асосийси ишончли далил бўлиб хизмат кўрсата олади.
ИМР тизимидан яна суғурта компанияларида, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда, ишга жойлашишда, мактабларда, олий билим юртларига ҳужжат топширишда, суд тизимларида фойдаланиш мумкин. Яна бир мисол ИМР рақамини ҳар бир шахс ўз махфий рақами сифатида фойдаланиши, шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларини уйида унутиб қолдирганда, полиция ва бошқа давлат ходимига ИМР рақамингизни тақдим қилиш орқали ўз шахсини осонликча тасдиқлаб олиши мумкин бўлади.
Ишга жойлашишингизда ҳам энди сизга қандайдир тавсифнома ёки маҳалладан маълумотнома керак бўлмайди. Бу нарсаларнинг барчаси биргина ИМР рақами картаси ичида мужассам бўлади.
Мен бу мисолларни нима учун ёздим? Мақсадим, илғор мамлакатларда қўлланиб келинаётган муваффақиятли ва самарали тизимни давлатимиз ва халқимизга таништириб, бизда ҳам шундай тизим йўлга қўйилишига ўз ҳиссамни қўшсам дейман холос...
Бу тизим фақат АҚШдагина эмас, бизга яқин бўлган мамлакатлар Қозоғистон ҳамда Туркияда ҳам йўлга қўйилган. Масалан, Туркияда ушбу лойиҳани амалга ошириш ғояси аҳолини рўйхатга олиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кейин (1972 йилда) туғилган. Жаҳон Банки лойиҳани 1996 йилда кредит бериш билан қўллаб-қувватлади ва Турк Идентификация рақами 2000 йилда йўлга қўйилган. ИМР тизимидан бу мамлакатларда солиқ, аҳоли ва давлат хавфсизлиги, сайлов, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳарбий хизматга жалб этиш, банк ва яна кўплаб бошқа соҳаларда фойдаланилади ва бу тизимни ишга қўйиш учун махсус марказ ташкиллаштирилган. Турк Идентификация рақами ишлаб чиқилгач, Марказий рўйхатга олиш идораси тизими деб номланган контекстда ишга туширилган.
Табиийки, ўз ўзидан Ижтимоий муҳофаза тизимига ўтишда келиб чиқадиган муаммолар борми ва уларни ечиш учун қандай чора-тадбирлар керак, деган савол ҳам туғилади.
Ўзбекистонга ижтимоий муҳофаза рақами тизимини олиб киришда учрайдиган энг катта муаммолардан бири, бу халқимизга ИМР ҳақида тўғри тушунча бериш ва ундан фойдаланишни тўғри йўлга қўйиш.
Тизим деганда биз ҳар бир иш кетма кетликда, ўз ўрнида ишлашини тушунамиз. ИМР ҳам яхлит бир тизим бўлиб, ҳукумат ва халқ ўртасида келиб чиқаётган тушунмовчилик ёки муаммоларга ечим топади. Ҳукумат ва Халқ орасида муайян бир боғлиқликни яратади. Шу билан бирга, юқорида келтирганимиздек жуда катта қулайликлар беради. Масалан, давлатнинг ижтимоий ёрдам дастурларини олайлик.
Бу соҳада, Ижтимоий таъминот рақамлари аҳоли орасида ишсизлик бўйича, нафақа ёки ижтимоий таъминот бўйича, ногиронлик бўйича ҳақиқатда моддий ёрдамга муҳтож қатламни аниқлаш учун федераль ёки давлат идораларига катта енгилликлар яратади ҳамда бундай моддий ёрдамларни олишда қалбакичиликка йўл қўймайди.
Яна ишонч билан айтиш мумкинки, ИМР тизими ҳозирда долзарб масала бўлиб келаётган коррупцияни йўқотишда катта куч бўла олади. Тартиб бор жойда эса қонун устуворлиги таъминланади. Бу каби долзарб масалаларга холис ечим топишни истаган ҳукумат, аминманки, эртами кечми ИМР тизимига ўтиш учун ўзида куч топади.
Бундай ўзгаришларга биз ҳали тайёр эмасмиз, бунга маблағ ва йиллар керак дейдиганлар ҳам топилади. Аммо тушунишимиз лозимки, хар қандай ислоҳот маблағ, вақт ва яна инсон зеҳнини талаб қилади. Асосийси, этиборни маблағга эмас, балки ислоҳот ва ўзгаришларнинг самарасига қаратиш лозим. Шундай экан ҳукумат бу тизимни яхшироқ ўрганиб чиқиб, синовдан ўтказиб кўриши ва амалда жорий этилиши анча қулайликлар туғдиради, десак муболаға бўлмайди.
Келтирилган фикрларни якдил жамлаган ҳолда айтиб ўтиш жоизки, муҳофаза рақами каби муҳим тизимни, албатта, халқ муҳокамасига қўйиш керак. Бу йўлда Олий Мажлис Қонунчили палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, “Буюк Келажак” фонди ва мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган каттаю кичик лавозимдаги барча шахслар ўз сиёсий ресурсларини бирлаштиришса, фуқароларга бу тизимнинг афзалликларини кенгроқ тушунтиришса, тез фурсатда Ўзбекистонда ҳам ИМРга ўтиш учун қулай шароитлар яратилади. Шундан сўнгина, давлат ва халқ ўртасидаги ўзаро ишонч янада мустаҳкамланади.
Бу тизим мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётига ўз ривожини янги юксакликларга оширишига ва қоғозбозчиликдан чарчаган халқимиз учун энг катта ўзгариш бўлишига олиб келишига амин бўлишимиз мумкин.
Нур Парпиев,
Вашингтон
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024