Ўзбекистон | 10:04 / 08.08.2018
14006
7 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органларининг маъмурий назорати қандай шахсларга нисбатан ўрнатилади?

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ички ишлар вазирлиги лойиҳаси эълон қилинди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририга кўра, шахс, жамият ва давлатнинг муҳофазасини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш мақсадида назорат остидаги шахсларга нисбатан ушбу Қонунда назарда тутилган чеклашларни қўллашдан иборат бўлган тарбиявий-профилактик таъсир кўрсатиш маъмурий назоратнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Маъмурий назорат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, адолат, инсонпарварлик, демократизм, чеклашларни қўллашда дифференциация ва индивидуаллаштиришга риоя этиш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини рағбатлантириш принципларига асосланади.

Маъмурий назорат ўрнатилиши ва амалга оширилиши назорат остидаги шахснинг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги, унинг инсоний қадр-қимматини камситмаслиги лозим.

Маъмурий назорат вояга етган қўйидаги шахсларга нисбатан ўрнатилади:

суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларга нисбатан;

ўта оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга нисбатан;

тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1, 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан;

оғир жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан – агар улар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ даврида сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топилган бўлсалар;

оғир жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган ёхуд Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ, оғир ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлари учун бошқа давлатлар ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахсларга нисбатан – агар улар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганларидан сўнг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи маъмурий ҳуқуқбузарликларни йил давомида икки ёки ундан ортиқ марта содир этган бўлсалар ёки уларга нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чораси сифатида расмий огоҳлантириш йил давомида такрорий қўлланилган бўлса.

Маъмурий назорат судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлиги олиб ташланган шахсларга нисбатан ўрнатилиши мумкин эмас.

Маъмурий назорат ўрнатиладиган шахсларга нисбатан, у содир этган қилмиш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги чеклашлар қўлланилиши мумкин:

куннинг муайян вақтида турар жойидан чиқмаслик;

туман (шаҳар)нинг муайян жамоат жойларида бўлмаслик;

ички ишлар органларининг рухсатисиз туман (шаҳар) чегараларидан ташқарига чиқиб кетмаслик;

рўйхатдан ўтиш учун ҳар ойда бир мартадан тўрт мартагача ички ишлар органига келиш;

алкоголь ичимликларни, наркотик воситалар ва психотроп моддаларни истеъмол қилмаслик;

муайян буюмларга эгалик қилмаслик ёки сақламаслик.

Юқорида кўрсатилган чеклашлар назорат остидагиларнинг турмуш тарзига, оилавий аҳволига, илгари судланганлигига ва унинг шахсини тавсифловчи бошқа ҳолатларга қараб тўла ҳажмда ёки алоҳида қўлланилади.

Чеклашлар рўйхати узил-кесил ҳисобланади, унга қўшимчалар қилиш ёки кенгайтириб талқин этиш мумкин эмас.

Қўлланадиган чеклашлар назорат остидаги шахснинг турмуш тарзи ва хулқ-атворига қараб, лекин ушбу моддада назарда тутилган чеклашлар доирасида қисқартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судьяси қарори маъмурий назорат ўрнатиш учун асос ҳисобланади.

Маъмурий назорат ўрнатиш зарурлиги тўғрисидаги асосли тақдимнома судга юборилади:

жазони ижро этиш муассасаларида бўлган, суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган ёки ўта оғир жиноятларни ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятларни ёхуд Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1, 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан – жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи томонидан, озод этилишидан камида бир ой олдин;

жазони ижро этиш муассасаларида бўлган, оғир жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган ёки ҳар қандай қасддан қилинган жиноятлар учун икки ёки ундан ортиқ марта ҳукм этилган шахсларга нисбатан – жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи томонидан, озод этилишидан камида бир ой олдин, улар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ даврида сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топилганларидан дарак берувчи материаллар асосида;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларга нисбатан – ички ишлар органи бошлиғи томонидан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган судланганлик муҳлатининг тугаши ёки судланганликнинг олиб ташланиши белгиланган муддатларда, улар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганларидан сўнг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, жамоат тартибига ёки бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи маъмурий ҳуқуқбузарликларни йил давомида икки ёки ундан ортиқ марта содир этганларидан ёки уларга нисбатан ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси чораси сифатида расмий огоҳлантириш йил давомида такрорий қўлланилгандан далолат берувчи материаллар асосида.

Маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги масала судья томонидан тақдимнома олинган пайтдан бошлаб 10 кун муддат ичида кўриб чиқилади.

Маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорда назоратни ўрнатиш учун асослар, назорат муддати, назорат остидаги шахсга нисбатан қўлланилган маъмурий чеклашлар, шахс содир этган қилмишининг хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда кўрсатиб ўтилади. Шунингдек, маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорда, агар маъмурий назорат жазони ижро этиш муассасаларидан озод этишда ўрнатилган бўлса, назорат остидаги шахс танлаган яшаш жойига етиб келиш муддати кўрсатилади.

Маъмурий назорат бир йил муддатга ўрнатилади. Маъмурий назорат муддати, судья маъмурий назоратни ўрнатиш тўғрисида қарор чиқарган пайтдан бошлаб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этишда ўрнатилган ҳолларда, назорат остидаги шахс танланган яшаш жойига етиб келган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид