Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Грузия билан қуролли можаро бўйича яширин режага эга бўлган
Фото: Дмитрий Духанин / Коммерсантъ
Россия Бош штаби 2008 йилги можаро бошланишидан анча аввал Жанубий Осетияда ҳарбий ҳаракатлар бўйича режа ишлаб чиққан. Бу ҳақда РФ собиқ мудофаа вазири ва президентнинг махсус вакили Сергей Иванов 8 август, чоршанба куни «Коммерсантъ» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, 2008 йилгача Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ «Михаил Саакашвили ҳеч қачон ҳарбий амалиётга журъат эта олмайди», деб бир неча бор таъкидлаган. Бироқ, Москва можаронинг кучайишига тайёр турган, дея таъкидлаб ўтди Иванов.
«Ҳарбийлар, дунёдаги жиддий давлатларнинг бош штаблари содда эмас, улар доимо вазият ривожланишининг энг ёмон сценарийларидан келиб чиққан. Шу сабабли, 2007 йилда бош штабимиз - ўша пайтда Жанубий Осетияда заиф зиддият юзага келган эди - Жанубий Осетияда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланадиган бўлса, бу ҳолат бўйича бизнинг ҳаракатларимизнинг махфий режасини ишлаб чиққан», - дейди собиқ мудофаа вазири.
Ивановнинг тан олишича, тайёргарликларга қарамай, Грузия қўшинларининг Жанубий Осетияга кириши россиялик ҳарбийлар учун кутилмаган қадам бўлди. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, режанинг бир қисми амалга оширилди. Гап Россия ва Жанубий Осетияни боғловчи ягона транспорт йўлаги бўлган Рокс туннелини ҳимоя қилиш ҳақида кетмоқда.
Иванов режанинг барча тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортди, у ҳали ҳам махфий қолаётганини тушунтириб берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саакашвили 2008 йилги воқеалар ва Путинга «ёрдам бериб юборган» олигарх ҳақида гапирганди.