Жамият | 17:30 / 10.08.2018
29097
2 дақиқада ўқилади

Мурожаатга эътибор: Андижон «Жаҳон бозори»га замонавий биотуалетлар ўрнатилмоқда

6 август куни «Kun.uz» сайтида «Андижон «Жаҳон бозори»га «СЭС» бориб турармикан?..» сарлавҳада мақола берилган эди. Унда «Андижон Жаҳон савдо комплекси» АЖ ҳудудида санитария ҳолати ёмон аҳволда экани, бозордаги камчиликлар фотолавҳалар орқали кўрсатилганди.

Мазкур мақоладан сўнг Андижон «Жаҳон савдо комплекси» АЖ томонидан қайд этилган муаммоли ҳолат ва камчиликларни бартараф этиш учун тез кунларда бир қатор ишлар амалга оширилди. Ҳудуддаги барча умумий овқатланиш шохобчалари, маиший хизмат кўрсатувчи объектлар, ҳожатхоналарда таъмирлаш, тозалаш ва санитария ҳолатини яхшилаш борасида муайян ишлар олиб борилди.

Аҳоли ва савдо ходимларига қулайлик яратиш мақсадида бозор ҳудудига 6та сув етказиш тизими ишга туширилмоқда. Бозор ўртасидан ўтган зовур чиқиндилардан тозаланди.

Мақола эълон қилинган кундан уч кун ўтиб, 9 август куни Андижон «Жаҳон савдо комплекси» АЖ маъмурияти 5та замонавий биотуалет олиб келди.

«Мазкур биотулетларни бозорнинг аҳоли учун энг қулай бўлган жойларига ўрнатяпмиз. Айни пайтда бозор ҳудудида бир қатор қурилиш ва ободонлаштириш ишлари лойиҳа асосида олиб борилмоқда. Таҳлилий мақолада кўрсатилган камчиликларни тўғри қабул қилган ҳолда аҳоли учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Бозор ҳудудида тадбиркор ва харидорларга маиший хизмат кўрсатувчи объектлар, ҳожатхона эгалари билан суҳбат ўтказиб, уларга тегишли кўрсатмалар берилди. Яқин кунларда бозоримизда бутунлай янги кўринишдаги дўконлар пайдо бўлади. Мақсадимиз бозорга бутун водийдан келувчи аҳолига кўнгилдагидек хизмат кўрсатиш», дейди бозор раҳбари Фозилжон Мирзаев.

Яқин кунларда бозорга яна 6та ана шундай биотуалет келтирилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид