Ўзбекистон | 20:06 / 12.08.2018
7724
3 дақиқада ўқилади

12 августдаги тест синовларига 293 абитуриент келмади, 27 нафари четлаштирилди

Фото: Facebook/Азиз Абдуҳакимов

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кириш тест синовларининг ўн иккинчи куни тўлиқ якунланди. 12 август куни мамлакатдаги олий таълим муассасаларида тест жараёнлари бир вақтда 1-сменада 8:00дан бошланиб, 11:30га қадар ва 2-сменада 15:00дан бошланиб, 18:30га қадар тўлиқ якунланди. Бу ҳақида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook'даги саҳифаси орқали маълум қилди. 

Тест синовлари ўтказиладиган 9 та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилди. Барча биноларда тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ҳамда тест синовлари ўтадиган ҳудудларда тез ёрдам машиналари ташкил этилди.

Шу кунларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида абитуриентларнинг ота-оналари учун салқин жойларда ўринлар сони кўпайтирилди ва у ерда катта ҳажмли мониторлар ёрдамида тест жараёнлари онлайн кўринишда ёритиб борилди.

Ёзнинг чилласида ота-оналарга янада қулайлик яратиш мақсадида илк бор тест синовлари UzdigitalTV ва маҳаллий телеканаллар орқали ҳамда test2018.uz Интернет сайтида онлайн кўринишида тўғридан-тўғри ёритилди.

Ички ишлар тизимидан 4 963 та шахсий таркиб ходимлари, 1206 та алоқа воситалари, 694 та металлодетекторлар, 289 та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинди.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган 397 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилди.

Барча ҳудудларда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфий ва дахлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланди.

Тест синовларида 3 та олий таълим муассасаларининг 14 та таълим йўналишида 7 331 нафар абитуриент иштирок этди, турли сабабларга кўра 293 нафар абитуриент тест синовларига келмади.

Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 27 нафар абитуриент, шундан 14 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга ва ўзгани ўрнига киришга уринганлиги учун, 13 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга ва бошқа абитуриентларга ёрдам беришга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

Тест натижалари Андижон ва Сурхондарё вилоятларидан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18:30 дан қайтариш бошланди. Сўнгги материаллар Андижон вилоятидан кечаси 12:30да етиб келади.

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланади.

Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.

12 август кунги тест натижалари 13 август куни куннинг иккинчи ярмида Давлат тест марказининг dtm.uz сайтида эълон қилинади.

Республикада тест синовлари ташкил қилинган тизим бўйича ишлар давом эттирилади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид