Ўзбекистон | 12:36 / 16.08.2018
3449
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги» ўтказилади 

Фото: Президент матбуот хизмати

2018 йилнинг 16 август кун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Америка Қўшма Штатларининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича Савдо вакили ёрдамчиси Марк Линскотт бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар берди.

ТИВда бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон президентининг жорий йил май ойида Америка Қўшма Штатларга қилган расмий ташрифи якунларига кўра эришилган 4,8 млрд АҚШ доллари миқдоридаги инвестицион ва савдо шартномаларини амалга оширишнинг бориши ҳамда мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар 2018 йилнинг биринчи чорагида АҚШнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги асосий инвестор бўлганини мамнуният билан қайд этдилар. АҚШ улуши 28%ни ташкил этди.

Учрашувда Америка томонининг 2018 йил октябрь ойида «Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги»ни ўтказиш ташаббуси муҳимлиги қайд этилди.

Икки давлат вакиллари Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини янгилаш тўғрисидаги таклифлар борасида ҳам фикр алмашдилар.

Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа мавзулар ҳам кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид