16:10 / 20.08.2018
3599

Туристик гуруҳларга хизмат кўрсатиш тизимида енгиллликлар жорий этилди

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ вакиллари Ўзбекистон Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси вакиллари билан учрашишди. Барча масалалар туризмни интенсив ривожлантириш фойдасига ҳал бўлди, дея маълум қилади Ассоциация матбуот хизмати.

Учрашувда туроператорлар томонидан берилган таклифлар асосида қуйидаги масалалар ўз ечимини топди:

1. 2018 йилнинг 1 сентябридан темир йўл чипталари учун олдиндан гуруҳ бўлиб буюртма қабул қилишда паспорт нусхаларини тақдим этиш зарурати бекор қилинди. Шундай бўлса-да, сайёҳлар гуруҳи учун темир йўл чиптасига буюртма қабул қилишда йўловчининг исми шарифи, паспорт маълумотлари, туғилган санаси, доимий яшайдиган мамлакати аввалгидек белгиланган тартибда икки нусхада тақдим этилиши керак.

Фото: Ўзбекистон Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси

2. 2018 йилнинг 20 августидан Самарқанддаги катта туристик гуруҳларга қулай шароит яратиш мақсадида Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишидаги №762/761, №766/765 тезюрар поездларининг тўхташ вақтини 5 дақиқадан 10 дақиқагача узайтирилади.

3. 2018 йилнинг 15 августидан "Тошкент-Марказий" вокзали кассаси базасида туристик ташкилотларга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган кассалар ишга туширилди. Шунингдек, туристик ташкилотлар аризалари билан ишлаш бўлимида штат бирлиги жорий қилинди.

"Тошкент-Марказий" вокзалида туристик ташкилотларга хизмат кўрсатувчи 4 касса очиш режага киритилди. Банд қилиш ва чипта бериш хизматлари бир жойда кўрсатилади. Шу билан бирга, туристик ташкилотлар аризаларини электрон шаклда қабул қилиш тизими киритилади.

4. Жорий йилнинг 14 августидан темир йўл чиптасини банд қилишда ҳар бир жой учун қўшимча тўлов киритиш бекор қилинди.

Фото: Ўзбекистон Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси

5. Бугунга келиб Тошкент вагон-таъмирлов қурилиш заводи базасида умумий ҳисобда 240 ўринга мўлжалланган 5 вагонни таъмирлаш ва модернизациялашга доир ишлар олиб борилмоқда. Бу вагонлар 2018 йилнинг сентябрь ойи охирига қадар эксплуатацияга киритилиши режалаштирилмоқда. Ушбу ўринлар "Афросиёб" тезюрар поездларида жой қолмаган тақдирда фақат туристик компанияларга тақдим этилади. 

6. 2018 йилнинг 1 сентябридан сайёҳлар гуруҳи йўл ҳужжатларининг барчасини бир бланкда татбиқ этиш тизими йўлга қўйилади.

Ҳозирда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ вакиллари йўл ҳужжатларини расмийлаштириш тизимига илғор ахборот технологияларини татбиқ қилишга доир янги лойиҳа устида ишлашмоқда. Хусусан, веб-ресурсда йўл ҳужжатларини учинчи шахслар иштирокисиз расмийлаштириш бўйича юридик шахслар учун ягона дарчани очиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

7. Янги поездларни харид қилиш мақсадида Испаниянинг TALGO ва Жанубий Кореянинг HYUNDAI компаниялари билан янги электропоездларни қўлга киритиш тўғрисидаги музокаралар олиб борилмоқда. Янги поездлар Тошкент-Бухоро-Хива йўналишлари бўйлаб ҳаракатланади.

Фото: Ўзбекистон Хусусий туристик агентликлар ассоциацияси

Бугунга келиб Урганч-Хива участкасида йўл қурилиш ишлари тугалланди. Иншоотлар ("Хива" вокзали, уч меҳмонхона комплекси ва "Хива Локоматив" парки) биноларини қуришга доир ишлар давом эттирилмоқда.

9 июль куни KUN.UZ'да Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров туристик фаолият субъектлари билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди. Унда туроператорлар томонидан Ўзбекистондаги темир йўл чипталарини банд қилиш ва қўлга киритиш билан боғлиқ муаммолар кўтарилган ҳамда уларни қандай бартараф этиш мумкинлигига доир таклифлар тингланган эди.

Top