Ўзбекистон | 11:13 / 27.08.2018
7352
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»нинг ихтисосли бўлмаган активлари хусусий бизнесга ўтади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Нефть-газ тармоғи ташкилотларининг активларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

нефть-газ тармоғи ташкилотларининг рўйхат бўйича фойдаланилмаётган ва ихтисосли бўлмаган активларини оммавий савдоларда хусусий мулкка сотиш;

назарда тутилган активларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг илгари қабул қилинган қарорларига мувофиқ сотилиши керак бўлган активларни, улар оммавий савдоларга қўйилган кундан бошлаб уч ой мобайнида сотилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, кичик саноат зоналарида янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига тўловларни ўн йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти билан бозор қиймати бўйича сотиш;

нефть-газ тармоғи ташкилотларининг рўйхат бўйича активларини қолдиқ (баланс) қиймати бўйича улардан кейинчалик самарали фойдаланиш учун давлат мулки сифатида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга оператив бошқарувга бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Белгиланишича:

назарда тутилган активлар ушбу қарор қабул қилингунга қадар ижара шартномалари асосида фойдаланишга берилган тақдирда, ижарага олувчи ижарага олинадиган активни сотиб олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлади;

активлар тадбиркорлик субъектларига активлар бозор қийматининг камида ўн беш фоизини олдиндан тўлаш ва тўловларнинг қолган қисмини ҳар йили тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилади;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига берилаётган активлардан фойдаланиш ва уларни сақлаш бўйича харажатлар маҳаллий бюджетлар маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда назарда тутилган активларни баҳолаш ва оммавий савдоларга қўйиш жадвалларини тасдиқлайди; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда назарда тутилган активлар кейинчалик "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг устав капиталидаги (фондидаги) давлат улуши, шунингдек, нефть-газ тармоғи ташкилотларининг устав капиталларидаги (фондларидаги) давлат улуши ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг акциядорлик жамиятлари улуши берилаётган активларнинг қолдиқ (баланс) қийматига камайтирилган ҳолда тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга берилишини таъминлайдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид