Ўзбекистон | 22:03 / 29.08.2018
6550
4 дақиқада ўқилади

Янги стандарт: Туризм ахборот бюролари

Фото: gigcasa.com

Стандартлаштириш халқаро ташкилоти (ISO) томонидан янги ISO 14785:2014 «Туризм ахборот бюролари. Туризм ахбороти ва қабул қилиш хизматлари. Талаблар» стандарти ишлаб чиқилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг "Туристик хизматлар сертификация маркази" унитар корхонаси томонидан Oʻz DSt ISO 14785: 2018 «Туризм ахборот бюролари. Туризм ахбороти ва қабул қилиш хизматлари. Талаблар» давлат стандарти ишлаб чиқилди. Мазкур стандарт ISO 14785:2014 "Tourist information offices. Tourist information and reception services. Requirements" халқаро стандартининг муқобилидир.

Ушбу стандарт манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан мувофиқлаштирилган, тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқланган.

Туризм ахборот бюролари (ТАБ) — бу маҳаллий туристик маҳсулотлар, диққатга сазовор жойлар, минтақанинг тарихий масканлари, тадбирлар, экскурсион йўналишлар, транспорт, шопинг, кўнгилочар тадбирлар ва бошқалар ҳақида маълумот тақдим этувчи сервис хизматлари.

ТАБ бутун дунё бўйлаб нафақат пойтахтлар ва йирик шаҳарларда, балки туризм даромадлари маҳаллий иқтисодиёт учун катта аҳамиятга эга бўлган минтақаларда ҳам хизмат кўрсатади.

Туризм ахборот бюролари шунингдек маҳаллий жамоатчилик транспортига чипта сотиши ёки туристик материаллар (харита, қўлланмалар, ўлкашунослик ва тарихий адабиёт ва б.)ни сотиши ёки бепул тарқатиши мумкин. Бундан ташқари, ТАБ сувенирлар, маҳаллий ҳунармандлар, усталар ва рассомларнинг маҳсулотлари билан савдо қилади.

Буюк Британия, Испания, Германия, Франция, Туркия, БАА каби мамлакатлар тақдим этилаётган туристик маълумотлар сони ва уларнинг манбалари бўйича етакчилик қилмоқда.

Асосий туристик ахборот бюролари аэропортлар, вокзаллар, тарихий мажмуалар, шаҳар марказлари ва савдо марказларида жойлашган бўлади. У ерларда сайёҳлар учун дунёнинг турли тилларида кўплаб китоб ва қўлланмалар сотилади, шу билан бирга, ТАБда саёҳатга оид масалалар бўйича бепул маслаҳат олиш ва индивидуал экскурсион йўналишни тузиш бўйича бепул хизматларни қўлга киритиш мумкин. Шунингдек мамлакатнинг маданий масканлари, курортлари, универмаглари, меҳмонхоналари ва ресторанлари тавсифига эга йўриқномалар таклиф этилади.

ТАБ фаолиятини йўлга қўйишдан мақсад - юртимиз меҳмонларини мамлакат маданияти, анъаналари ва урф-одатлари билан таништириш ҳамда унинг туристик йўналиш сифатида танилишини ошириш.

Туристик ахборот бюролари одатда лотинча «i» ҳарфи билан (кўпинча яшил рангли фонда) ифодаланади, кўрсаткичларнинг бошқа вариантлари ҳам бўлиши мумкин.

Мулкчилик шаклига кўра туристик ахборот идораси қуйидагича бўлиши мумкин:

• Шаҳар (муниципал);

• Хусусий (тижорий);

• Жамоатчилик ташкилотлари;

• Туризм корхоналари уюшмаларига тегишли.

ТАИ салоҳиятли мижозларни жалб қилиш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида баъзан туроператорлар базасида ҳам ишга туширилади. Идора фаолияти режими сайёҳлар оқимига боғлиқ: йил бўйи ёки фақат "туристик мавсумлар"да.

Oʻz DSt ISO 14785:2018 «Туризм ахборот бюролари. Туризм ахбороти ва қабул қилиш хизматлари. Талаблар» стандартини киритиш санаси 2018 йилнинг сентябрига белгиланган.

Мавзуга оид