Жамият | 11:22 / 29.08.2018
48204
13 дақиқада ўқилади

Миллий сериал бренди билан «миллий хиёнат» тарғиботига «старт» берилдими?

Одам Ато замонидан то бугунги кунга қадар аёл нозик ҳилқат сифатида эркак билан бирга умргузаронлик қилиб, инсоният ҳаётининг давомийлигини таъминлаб келмоқда.

Реал ҳаётда бўлганидек жанридан қатъи назар бадиий адабиёт ёхуд кино бўлсин, уни аёл образисиз тасаввур қилиш қийин. «Минг бир кеча» эртаклари орқали аёл образи энг юқори мўъжизавий эстетик ҳилқат сифатида тасвирланди. Шарқ шеъриятида эса аёлга бўлган таърифу тавсиф «Минг бир кеча»никидан кам бўлмади. Ўрта асрларда реал ҳаётда аёлларни жодугарликда айблаб гулханда куйдириш оддий ҳолат эди, лекин Шекспир замонасидаги драматурглар аёл образини ижобий маънода янги бир чўққига олиб чиқди. Шу ўринда эслатиш жоизки, Данте қаламига мансуб «Илоҳий комедия» асарининг «Аърофа» қисми бевосита биз билган Тўмариснинг жасоратига бағишланган. Шекспир Тўмарис образини Европа аёлларига намуна қилиб кўрсатган. Француз адабиётида эса Тўмарис француз миллий қаҳрамони Жанна Д`Арк даражасида улуғланган. Аммо бугунги кунда ўзимиз ўзимизнинг ўзбек аёлини таҳқирлаб, лойга чаплаб, ботқоққа ботиряпмиз. Қандай қилиб?.. 

Албатта, янги давр Европаси романтизмида аёл образи енгил-елпи ишқий романлар мавзуси учун қурбон қилинди. Бироқ айнан XIX-XX аср Ғарб адабиёти, хусусан, рус романчилигида аёл образи мукаммал кўриниш касб этди. Бу давргача халқ достонларию, бадиий асарлардаги аёл қаҳрамонлар ўз даврининг етук зиёлиси ва гўзал аёли сифатида тасвирланган бўлса, Тургенев, Достоевский, Толстой, Чехов каби ёзувчиларнинг асарлари орқали аёл руҳиятининг ўзига хос психологик характери юксак бадиий бўёқлар билан тасвирланди. Айниқса, Толстойнинг Анна Каренинаси, Кити Шчербацкаяси, Тургеневнинг Марья Николаевнаси, Достоевскийнинг Настасья Филипповнаси жаҳон адабиётида аёл образини янги чўққига олиб чиқди.

Ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийнинг Кумуши ўзбек романчилигидаги илк аёл қаҳрамон сифатида юзага келди. Албатта, Шўро даври адабиётида аёл образи мафкуравий хусусият касб этиб, унга ўзига хос талаблар юкланди. Бу давр аёлларидан сунъий равишда замон қаҳрамонлари ясалиб, тақдим қилинди. Аммо тан олиш керакки, бу даврда ўзбек адабиёти ва санъатида тасвирланган аёл образлари ҳар қандай мажбуриятлар юкланмасин, у аёллик шаъни ва жозибасини йўқотмади. Яъни, кино, театр ва адабиётда аёл улуғланса улуғландики, лекин, бугунги кундаги ўзбек киносидагидек таҳқирланмади. Ҳатто Шўро даврида ҳам ўзбек аёли шармандали тарзда таҳқирланмаган.

«Менинг юртим» телеканалида намойиш этилаётган «Фитна» сериалидаги «фитна»лар ҳақида гапирмоқчимиз.

Юқорида бироз мулоҳаза юритганимиз боиси шуки, ушбу сериал ижодкорлари ва «Менинг юртим» телеканали масъулларига қисқача бўлсада, дунё бадиий тафаккурида аёлга бўлган муносабат, хусусан, аёл образи нечоғли улуғлигининг хронолигик эволюциясини билмаса билдиришни, билса эслатишни жоиз, деб билдик.

Режиссёр Дилшод Аҳмедов томонидан суратга олинган ва бугунги кунда «Менинг юртим» телеканали орқали эфирга узатилаётган ушбу сериал томошабинларга миллий сериал тамғаси остида тақдим этилмоқда. Турфа тақдирлар, муҳаббат ва нафрат, садоқат, хиёнат, эзгулик, ёвузлик хуллас, бу мангу мавзуларни режиссёр ўзбекнинг маиший ҳаёти мисолида жуда примитив тарзда тасвирга туширган. Дастлаб тўй можароси билан бошланган сериал воқелигининг илк планларидаёқ англашиладики, бош қаҳрамонлардан бири 2 фарзанднинг онаси бўлган ўқитувчи аёл. Бу аёл эрини, қайнота ва қайнонасини кўргани кўзи йўқ. Сартарош эр оиласи учун ҳар нарсага тайёр. Қайнота ва қайнона эса охирги қиз фарзандларини турмушга бергандан сўнг ҳаж сафари учун навбатга ёзилган. Хуллас, бу оила ўзгаларга ўрнак бўладиган оилалардан. Бироқ оиланинг келини Нозиманинг қалби негадир нафратга тўлиб-тошган. Режиссёрнинг «истеъдоди»ни қарангки, Нозима ўз эрига хиёнат қилиши учун ҳеч қандай асос яратмасдан туриб, режиссёр жаноблари «ўз қаҳрамонини хиёнатга бошлади». Албатта, унинг наздида Нозиманинг хиёнати сериалнинг «фишкаси» бўлиб, сериал томошабинларини кўпайтиради-да. Устига-устак, Нозима мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ҳа, хато ўқимадингиз – ўқитувчи.

Шу ўринда «Фитна» сериалидаги ўқитувчи аёл Нозиманинг хиёнатига асос масаласига бироз тўхталсак. Шу пайтгача адабиёт ёки кинода аёлнинг эрига хиёнати ҳақидаги юзлаб сюжетларга дуч келганмиз. Бироқ ҳар бир ижодкор яратаётган асарига умуминсоний ахлоқий меъёрлардан келиб чиқиб ёндашишга ҳаракат қилади. Яъни, аёл хиёнати масаласида ижод қонуниятларидан келиб чиқиб, ўзига хос манёврлар ишлатади. Бу манёврлар аёлни хиёнатга ундайдиган жамиятдаги фожиавий ҳолатлар бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хиёнат қурбонига айлантирилаётган аёл учун ижодкор асослар яратади. Бу асослар асло хиёнатни оқламайди балки, хиёнатнинг келиб чиқишига туртки бўлган омилларни кўрсатади ва керак бўлса қоралайди, боринг ана огоҳликка чақиради. 

Бугун кино саноатида, айниқса, телесериалларда конфликт ва интригани кучайтириш мақсадида хиёнат, хусусан, аёл хиёнати жуда кўп тасвирланмоқда. (Бу каби мавзудан тармоқлардаги турли роликлар сарлавҳасида-ю гуруҳларга чақириқларда ҳам унумли фойдаланилмоқда.) «Фитна»даги Нозиманинг хиёнати ҳам айнан конфликт ва интрига учун қилинган манёвр бўлса-да, аслида манёвр, яъни хиёнат учун юқорида айтганимиздек айтарли асоснинг ўзи йўқ. Энг ёмони, сериалнинг интригасини ошириш мақсадида бу манёвр ўзбек ўқитувчи аёлининг таҳқирланиши асосига қурилгани кино санъатининг ҳеч қандай ахлоқий меъёрларига тўғри келмайди.

Шу йили ҳокимият томонидан кўча супуришга чиқарилган ўқитувчи аёл Диананинг фожиаси кўпчилигимизни ларзага солди. Энди экрандаги ўзбек ўқитувчиси Нозиманинг хиёнаткор аёл тарзида гавдалантирилиши, ички олами нафратга тўла, эрига хиёнаткор, қайнона ва қайнотага ҳурматни билмайдиган, хиёнат ва ўз нафсини ҳар нарсадан устун қўйиб, яна камига хиёнатни тўғри, деб биладиган ахлоқсиз аёлни миллат кўзгуси бўлган ўқитувчи образида кўрсатилиши бугунги куннинг, бугунги жамиятнинг, бугунги маънавиятнинг энг мудҳиш фожиаси эмасми?

Эътибор беринг, Нозима эрига ва қайнонасига бўлган нафрати ҳамда бойлик ҳирсида хиёнатга қўл урди. Бу хиёнатни дастлаб, қайнсинглиси ва қайнонаси билиб қолди. Қайнсингил билдики, келинойиси унинг эрининг ўртоғи Ҳамдам билан хиёнат кўчасига кирган. Шундан сўнг қайнсингил эрига шикоят қилади. Аянчлиси, унинг эри бу воқеадан хабардор ва ўзини лоқайдларча тутади. Шу жойига, тўғриси, тушунмадик. Бу лоқайдлик билан томошабин жамиятни шундай ҳолатларга лоқайд бўлишга чақириляптими ёки тарғиб қилиняптими?

«Фитна» сериалидаги қайнона гўёки оиласининг тинчлиги ва мавқеини ўйлаб, келини билан гаплашиб олади ва унинг хиёнатини кечириб, Нозиманинг хиёнатини ўғлидан сир сақлайди. Ана сенга томошаю мана сенга томоша. Дод деворгинг келади, тўғриси. Нималар бўляпти? Нималар қиляпмиз ўзи? Нимани тарғиб қилишяпти бу сериал орқали? Кимга нимани ўргатяпмиз?

Аммо Нозима хиёнатда давом этади. Ниҳоят, сериал кульминациясида Нозиманинг эри уни хиёнат устида тутиб олиб, талоқ қўяди. Мана сизга конфликт, мана сизга интрига! Моҳиятан сериал эмас, ҳаваскор видеомаҳсулот бўлган бу «санъат асари»дан истаганингизча ҳайратланинг. Қаҳрамонларининг «изтироб»и ва «азоблари»га шерик бўлинг. Гўё, Арасту назарда тутган катарсис мисол.

Ёдингизда бўлса, «Zo’r TV» эфирга берган «Кара севда», яъни, «Севги изтироби»ни айнан хиёнат тарғиботи сифатида эфирдан олиб ташлаш учун бутун жамоатчилик оёққа турганди. «Yoshlar» телеканалида эфирга кетган «Ишани», яъни, «Сенга ошиқман» телесериали ҳам жамоатчилик норозилиги остида ахлоқий жиҳатдан бузуқ бўлган ғояларни тарғиб қилгани учун эфирдан олинди.

Энди эса миллий сериал бренди билан «миллий хиёнат»ни тарғиб қиладиган сериал бера бошланди. Ҳозирча жамоатчилик овози эшитилгани йўқ.

Шу ўринда савол туғилади, техник ва бадиий жиҳатдан кино санъатининг талабларига тўғри келмайдиган бу «санъат асари» қандай қилиб «Менинг юртим» телеканали эфиригача бўлган йўлни босиб ўтди?

«Ўзбеккино» миллий агентлиги нега бу сериал экранга чиқишига рухсат берди? Агентлик бадиий кенгаши бу «Фитна»нинг сценарийси ва суратга олинган эпизодларнинг умумий ғоявий мақсади билан танишиб чиққанми? Агар танишиб чиққан бўлса, нега бузуқликни тарғиб қилувчи бу маҳсулот эфирга чиқишига йўл қўйди?

«Менинг юртим» телеканалининг бадиий кенгаши борми? Агар бор бўлса, бу кенгаш қайси меъёр ва талабларга кўра бу «Фитна»га «шерик» бўлди ва унинг эфирга чиқишига ижобий хулоса берди?

«Фитна»нинг эфиргача бўлган шонли йўлида иштирок этган бу масъуллар «Бу сериалда ҳаётда учраб турадиган ёвуз иллатлар қораланган, режиссёр бу сериал орқали барчамизни огоҳликка чақирмоқчи», деган иддаони қилишлари мумкин. Қандай огоҳлик ҳақида гапириш мумкин бу ерда? Нима, ўзбек аёли, миллат кўзгуси бўлган ўзбек ўқитувчисини ички олами нафратга тўла, эрига хиёнаткор, қайнона ва қайнотага ҳурматни билмайдиган, хиёнат ва ўз нафсини ҳар нарсадан устун қўйиб, яна камига хиёнатни тўғри, деб биладиган ахлоқсиз аёл образида гавдалантириб, жамиятнинг қайси ёмон жиҳатидан огоҳликка чақирмоқчи бўлишяпти? Аслида, шу сериалнинг ўзидан эҳтиёт бўлиш керак бўлиб турибди-ку? Огоҳликка чақирмоқчи бўлганларга сўзимиз: барака топгурлар, «Фитна»ни кино санъатининг ҳеч қайси талабларига кўра телесериал деб бўлмайди! Айниқса, ўқитувчини шу қиёфада тасвирлаш ортиқча.

Табиийки, ушбу сериални мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ва талабалар кўради. Энди савол, уларга ўқитувчини ким қилиб кўрсатяпмиз? Катталарику эси бор дейлик, салбий таъсири камроқ бўлар, аммо кичкиналарининг онгу шуурида ўқитувчини қандай образда гавдалантиряпмиз?

Энди бу каби «Фитна»ларни қўювчи телеканалларни мониторинг қилувчи ташкилотлар диққатига. Сиз фақат қонунчиликка зид келувчи шафқатсизлик ёки порнография чиқиб қолганда чора кўрасизми? Нега миллийликка зид келувчи «Фитна»лар таҳлил этилиб, унга қарши чоралар кўрилмайди?

Хуллас, яна машҳур сериалдаги гап ёдимизга тушди «От изи ит изига аралашиб кетибди».

Бугун президент бошчилигида ўқитувчиларни давр ва жамиятнинг энг ҳурматли инсонига айлантиришга ҳаракат бошланган. Ўқитувчи замон қаҳрамони бўлса қандай яхши. Замон зиё билан бурканади. Ҳар қалай хонанда замон қаҳрамони бўлганидан кўра, ўқитувчи замон қаҳрамони бўлгани минг эмас, миллион марта яхшида. 

Айтганча, охирги пайтларда тунги клублар маънавиятимизга болта уряпти, деган гапни кўп эшитяпмиз. Аввало, маънавиятли одам тунги клуб таъсирида бузилиб қолмайди. Ҳа, бузилмайди, чиндан ҳам унинг маънавияти бор бўлса. Мустаҳкамми, мустаҳкаммасми, бу иккинчи масала. Ахир тунги клубларга асосан кимлар боради? Ўқитувчисидан яхши таълим олмаган, ўқитувчисини ўз қаҳрамони деб билмаган ёшлар. Энди яна савол, ўзимиз ўқитувчини ахлоқи бузуқ қилиб телевизорда кўрсатиб ўтирсак, ёшлардан нимани кутиш керак?

Хуршид Далиев

Мавзуга оид