10:48 / 30.08.2018
6958

Андижонда байрам арафаси 161 та янги корхона ва муассасалар иш бошлайди

Мустақиллик байрами олдидан Андижон вилоятида жуда кўплаб янги ишлаб чиқариш корхоналари ва муассасалар ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилган.  Айни кунларда вилоятнинг барча туманларида ана шундай объектларнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

29 август куни Избоскан туманида мева ва сабзавотни қайта ишловчи корхона ишга тушди. Корхона йилига 30 минг тонна мева-сабзавотлардан шарбат ва консерва маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватига эга. Унда 120 та янги иш ўринлари яратилди.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни асосан бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Мазкур объектларнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.  

Избоскан туманида яна бир ишлаб чиқариш корхонаси “Джигитал приме текстил”  маъсулияти чекланган жамиятининг инвестиция лойиҳаси тақдимоти ўтказилди (корхона Корхона томонидан тўқимачилик, калава ип ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 23 млн. долларни (15 млн. долл. тўғридан-тўғри хорижий инвестиция) ташкил этади.

Лойиҳа амалга оширилганидан сўнг ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 100 фоизи Россия, Қозоғистон ва Туркманистонга экспорт қилиш режалаштирилган.  

Шу куни Андижон шаҳридаги яна бир текстил фабрикаси, Избоскан туманидаги хусусий шифохона, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли мактабнинг очилиш маросимлари ҳам бўлиб ўтди.

Олтинкўл  тумани тадбиркори томонидан амалга оширилган лойиҳа айниқса диққатга сазовор. “Эко Клеан Транс” корхонаси маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланади. Корхонага лойиҳани амалга ошириш учун Андижон тумани ҳудудидаги “Кулла” МФЙ ўрамидан ер майдони ажратиб берилган.

Корхона томонидан Дастурда белгиланган инвестиция маблағларини ўзлаштириш ҳисобига йилига 200 минг тонна маиший чиқиндиларни қайта ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган лойиҳа фойдаланишга топширилди ва 250 та янги иш ўринлари яратилди.

 

Элмурод Эрматов, Андижон

KUN.UZ мухбири

Top