13:01 / 31.08.2018
14568

Саудия Арабистонидаги «бухорийлар» билан норасмий учрашув ўтказилди

Ислом дунёсида Имом ал-Бухорийнинг мавқеи ва обрўси шу қадар баландки, Ўзбекистондаги қайси гўшадан юртдошларимиз келиб чиқмасин, уларни «бухорийлар» деб аташади. 

Саудия Арабистонида ҳам улар кўпчиликни ташкил этади. Мустақиллик байрами арафасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, “Ҳаж-2018“ мавсумининг ишчи гуруҳ раҳбари Нуриймон Абулҳасан ташаббуси билан Маккаи Мукаррамада Саудиянинг Макка ва Жидда шаҳарларида истиқомат қилаётган ватандошлар билан норасмий учрашув ташкил этилди. 

Нуриймон Абулҳасан йиғилганларни мамлакат мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан қутлаб, уларга учрашув учун миннатдорчилик изҳор қилди. 

ХХ асрнинг 20-30-йилларида ўзбек миллати вакилларидан минг-минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, жумладан Арабистонга чиқиб кетишга маҳкум бўлган. Ўша пайтларда Саудия Арабистонига келиб қолган ўзбекларнинг аксарияти ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, лекин ота-боболари юртни тарк қилганларида асосан кичик ёшларда бўлганлар ҳозирги кунда улар ҳаётини давом эттирмоқда.  

Саудиядаги «бухорий»лар ўзбекона миллий урф-одат ва анъаналарни ўзбек тили ва ўзликларини сақлаб қолган. Уларнинг фарзандлари араб тилида таҳсил олади, лекин оилада ва ўзбек жамоаларида ўзбекча сўзлашадилар. 

Нуриймон Абулҳасан ҳозирги кунда Шавкат Мирзиёев томонидан хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни кенг ривожлантиришга имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлади. 

Учрашув якунида ватандошлар томонидан  Фарғона вилояти бош имом хатиби Салимжон Қодировга  муқаддас Каъбапўш туҳфа қилинди. Ватандошлар бундай учрашув тез орада Тошкентда ҳам ташкил этилишига истак билдирдилар. 

Top