Ўзбекистон | 19:58 / 03.09.2018
10712
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Тожикистоннинг йўловчи ва юк поездларига имтиёзлар тақдим этди

Фото: mintrans.tj

Ўзбекистон аввал эришилган келишувларга мувофиқ, Тожикистон йўловчи ва юк поездларига имтиёзлар тақдим этмоқда. Бу ҳақда Avesta.Tj Тожикистон Транспорт вазирлиги матбуот марказига таяниб хабар берди.

Хусусан, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон томони Термиз, Қарши ва Самарқанд темир йўл станцияларида Тожикистон поездларига йўловчиларни чиқариш ва қабул қилиб олишга рухсат берди.

Шунингдек, кўрсатилган темир йўл станцияларида Тожикистондан келаётган йўловчи поездлари учун чипталар сотиб олиш мумкин.

Тожикистоннинг узоқ масофаларга ҳаракатланувчи поездларига - Душанбе-Москва-Душанбе, Кўлоб-Москва-Кўлоб ва Хўжанд-Москва-Хўжанд йўналишидаги поездларга Ўзбекистон ҳудудида чипта сотиб олмоқчи бўлган йўловчиларга имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Хусусан, кўрсатилган поездларга олдиндан чипта сотиб олган йўловчиларга чипта харид қилинган муддатга қараб 25%, 20% ва 10% чегирмалар берилади.

Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» темир йўл компанияси 2018 йилнинг 15 августидан жорий йилнинг 31 декабригача Келес-Қудуқли, Қудуқли-Келес, Қудуқли-Қорақалпоғистон, Амузанг-Келес ва Амузанг-Қорақалпоғистон темир йўл участкалари орқали барча транзит темир йўл юкларини ташиш учун чегирмалар беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Ўзбекистон туфайли электр энергияси экспорти режасини ортиғи билан бажаргани хабар қилинганди.  

Мавзуга оид