Ўзбекистон | 08:32 / 05.09.2018
6137
2 дақиқада ўқилади

ЯИТ ва суғурта бадаллари бўйича ҳисоботлар янгиланди

Фото: Depositphotos

Молия вазирлиги ва ДСҚнинг қарори билан солиқ ҳисоботининг шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китоби 7 ва 8-устунлар билан тўлдирилди. Уларда умумбелгиланган (8%) ва имтиёзли ставкалар бўйича ҳисобланган фуқароларнинг суғурта бадаллари алоҳида-алоҳида акс эттирилади. 
 
Эслатиб ўтамиз, 1.01.2028 йилгача Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича жисмоний шахслар томонидан 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга суғурта бадалларининг имтиёзли ставкаси (4,5%) қўлланилади (30.06.2017  йилдаги ПФ-5099-сон Фармоннинг 8-банди).
 
4 ва 4а-иловалар бирлаштирилди. Унда ҳар бир жисмоний шахс кесимида ҳисобланган фуқароларнинг ойлик суғурта бадаллари суммалари тўғрисида маълумотлар акс эттирилади. Шу муносабат билан 4а-илова ўз кучини йўқотди.
 
Ҳужжат 20.08.2018 йилдан кучга кирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид