09:31 / 06.09.2018
36414

Фойдаланилмаётган объектлар бўйича президент қарори қабул қилинди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг илгари хусусийлаштирилган объектларни хўжалик фаолиятига жадал жалб этиш бўйича амалдаги механизмни мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва эгаллаган майдон ҳажмидан қатъи назар, барча тоифадаги қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган бинолар, нотурар иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига нисбатан татбиқ этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинди.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги идоралараро комиссиялар;

туманлар (шаҳарлар)да фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги ишчи гуруҳлар тузилади.

Идоралараро комиссиялар раҳбарлари этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, ишчи гуруҳлар раҳбарлари этиб тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари белгиланди.

Идоралараро комиссияларга қуйидагилар амалга оширилишини ташкил этиш ва назорат қилиш юклатилди:

доимий мониторинг натижаларига кўра тегишли ҳудуддаги фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш ва уларнинг рўйхатларини шакллантириш;

фойдаланилмаётган объектлар фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича “йўл хариталари” ва инвестиция лойиҳаларини мулкдорлар билан бирга ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни тасдиқлаш;

фойдаланилмаётган объектлар фаолиятини тиклаш бўйича таклифларни тақдим этмаган ёки тасдиқланган “йўл хариталари” ижросини таъминламаётган мулкдорларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш ҳақида хулосалар чиқариш;

давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва ишчи гуруҳлар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиш;

тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар ва тижорат банклари кредитларини олишда кўмаклашиш.

2018 йил 15 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар ўрнатилган тартибда сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида, шу жумладан, ижарага берилади;

б) фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:

соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;

мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш;

қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш.

Top