Light | 18:48 / 10.09.2018
6845
10 дақиқада ўқилади

"Мия гигиенаси": Компанияларга психоаналитиклар керакми?

Корхоналар эгалари ва топ-менежерлар ўз ходимлари учун психоаналитик ёллаб, фойда кўришмоқда. Нима учун «Битрикс-24» раҳбари бундай мутахассисни штатга ёллади ва бу ижтимоий тадқиқот қандай натижа берди? Forbes таҳлилчи Сергей Рижиковнинг шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

World Health Organisation'га кўра, стресс XXI асрнинг асосий касалликлари рўйхатига киритилган. Сайёрамиз иқтисодиёти ҳар куни ходимларнинг иш жойларида стресс орттириши сабаб юзлаб миллиардларни йўқотади. АҚШ йўқотишларни 300 миллиард доллар, Германия - 29,2 миллиард евро, Австралия - 5,3 миллиард Австралия доллари, Франция эса 3 миллиард еврога баҳоламоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, ҳар йили 2,3 миллион киши стресс ва иш жойида соғлиғини йўқотиш натижасида ҳаётдан кўз юмади. Ҳар 15 сонияда кимдир иш жойининг ўзида вафот этади. Ходимлар ўлимига асосан юрак-қон томир касалликлари сабаб бўлади.

Фото: pixabay

Давомли стресс оғир психологик деформациялар - депрессия ва руҳий касалликларга олиб келади. Кўп ҳолатларда муаммони спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар ва ассоциал хатти-ҳаракатлар билан "даволаш" кузатилади.

Психолог урушда

Далилларга мурожаат қиламиз — ҳафтасига 55 ва 77 соат ишлаган ходимларнинг ўртача самарадорлиги тахминан бир хил бўлади. Бироқ кўп меҳнат қилган ишчининг жиддий касаллик "орттириш" хавфи 33 фоизга ўсади. Компанияларнинг эгалари ва топ-менежерлари стресс, офисдаги ноқулай муҳит, қатъий дедлайн ва ноаҳил жамоага жиддий муаммо сифатида қарашармикан? Йўқ, албатта. Бу каби муаммолар аксарият раҳбарларни қизиқтирмайди.

Аслида эса трансмиллий корпорациялар бир неча ўн йиллардан буён ўз ходимларида стрессни бартараф қилишга жуда жиддий муносабатдалар. Улар штат психоаналитиклари ёрдамига мурожаат қилишади. 1940-йиллардан психологлар ҳатто алоҳида йўналиш — Industrial-Organisational Psychology (I-O psychology) сифатида пайдо бўлган. Йўналиш асосан америкалик психолог Роберт Йеркес шарофати билан юзага келган. Биринчи жаҳон уруши даврида у Army Alpha ва Army Beta психологик мувофиқлик тестини ишлаб чиққан.

Бу ҳужжатлар АҚШ ҳукуматига ўз армияси персоналини самарали ёллаш ва тақсимлашга ёрдам берган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Америка ҳарбий раҳбарияти Йеркс ва унинг жамоасини яна ҳарбий кучларда ишлашга жалб қилди. Ушбу кампания давомида у армия бўлимларида  ахлоқ-одоб ва ментал иқлим масалалари билан шуғулланган. Психологнинг армияда фаолият юритиши шу қадар ижобий самара берганидан бирйўла икки гигант — Standard Oil и General Electric Робертнинг хизматларига қизиқиб қолди. Бу — ташкилот штатида психоаналитик фаолиятидан фойда бўлиши исботланган илк машҳур ҳолатлардан бири. Бугунга келиб АҚШда ҳатто NFL футбол жамоалари раҳбарлари ҳам I-O Psychology мутахассисларини ўзи ишига жалб қилади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу лиганинг 32 жамоаси ҳам дунёнинг энг қимматбаҳо топ-50 жамоаси рўйхатига киради.

Россияда ҳам қатор компания ва идоралар, жумладан Марказий банк, Ички ишлар вазирлиги, Deloitte кабилар штат психоналитиклари хизматларидан фойдаланади. Бироқ у ердаги иш оламида ҳам ҳануз оммавий "мия гигиенаси" маданияти йўқ. Компаниялар эгалари ва топ-менежерлари ўз ходимлари учун психоаналитик ёллашдан пул тежаб, охир-оқибат ўзлари азият чекишади - бундан компания ва қайсидир маънода бутун мамлакат иқтисодиёти зарар кўради.

Фото: pixabay

Шахсий тажриба

Инсон ўзига ўзи ёрдам бера олмайдиган кўп вазиятлар бўлади, компания ёки раҳбарларнинг ўзи эса бунга аниқлик кирита олмайди. Аксарият бу ходимнинг "шахсий дунёси" деб ҳисоблайди, унинг бизнесга таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўриш эса ҳамманинг ҳам хаёлига келмайди. Ходимнинг бизнесдаги муваффақияти учун улкан салоҳият айнан шунда яширин. Кўп ходимлар муайян даражадаги маошга эришганидан кейин мотивация тўғридан-тўғри иш бермайди. Қоидага кўра, раҳбар билан бу ҳақида гаплашилмайди. Бошқа бир вазият - ходимнинг шахсий ҳаётида оғир дамлар бўлиб, бунда ходим ҳар қанча ҳаракат қилмасин, яхши ишлай олмайди.

Ғарбий бизнес маданиятида performance-менежмент тушунчаси бор, унинг мақсади - ходимнинг самарадорлиги ўсмоқдами ёки пасаймоқда, шуни баҳолаш. Агар кўрсаткичлар пасайса, психоаналитик нима учун бундай бўлганига ойдинлик киритиб, муаммони бартараф этишга ёрдам беради.

Корпорация ичида бир лойиҳа менежерлари ишлаш ўрнига ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиши натижасида қанчадан-қанча бизнес-жараёнлар тўхтаб қолиши мумкинлигини ҳатто тасаввурингизга ҳам сиғдира олмайсиз! «Битрикс24» жамоасида техник қўллаб-қувватлаш бўйича жуда ақлли ва профессионал ходим бор эди. Бир куни у менинг олдимга келиб, ишдан бўшамоқчи эканини айтди: маълум бўлишича, иш бўйича ёзишмаларда мижоз унга оғир психологик жароҳат етказган. Бу вазият мени компанияда психоаналитик фаолиятининг муҳимлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилди. Айниқса, инсоннинг интеллектуал ва эмоционал ресурсларига катта юк тушадиган компанияларда бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради. Мен компания ичида кучли эмоционал тадқиқот ўтказишга қарор қилдим ва бирор марта бундан афсусланмадим.

Самимий суҳбатлар

Шахсан мен учун тадқиқотнинг энг қийин босқичи топ-менежерларга улар психоаналитик хизматларига муҳтож эканликларини айтиш бўлди.  Энг аввало ходимларга психиатр, психолог ва психоаналитик ўртасидаги фарқни тушунтириш керак бўлади. Психиатр руҳий фаолият бузилиши билан шуғулланади, психолог ёрдам беради ва  қўллаб-қувватлайди, психоаналитик эса мавжуд муаммони англаб етишга кўмак беради. Бунинг учун ҳафтасига 1-2 соат музокаралар хонасида у қадар чарчатмайдиган суҳбатлар олиб борилади. Тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун мен умумий маъруза ўтказдим, бу лойиҳанинг нима учун кераклиги, унинг ҳар бир ходим ва компанияга қандай фойда келтириши, муаммони англаш ва шахсий ўсишни қандай кучайтириш мумкинлиги ҳақида сўзладим.

Кимдир дарҳол рози бўлди, яна биров ўйлаб кўришини айтди. Кимгадир бир сеанснинг ўзи етарли бўлса, бошқасига ҳатто ўн учрашув ҳам камлик қилди. Психоаналитик билан ишлаш тизими қуйидагича йўлга қўйилди: хизматлар учун тўловларнинг кичик қисмини ходим ўзи тўлаши, қолганини компания киритиши керак. Сеанс давомийлиги - бир соат. Табиийки, ходим ва психоаналитик ўртасида муҳокама қилинган барча маълумотлар қатъий конфиденциал бўлади. Сеанс вақтида менежер турлича - ҳам иш, ҳам бошқа мавзуларда саволлар бериши мумкин.

Фото: depositphotos

Компания топ-менежерларининг аксарияти биринчи сеанслар тўлқинидан ўтишди. Навбат ўрта звено раҳбарларига келди - бу ерда лойиҳа мисли кўрилмаган фойдани қайд этди! Бир неча ҳафата ўтибоқ мен бизнесдаги илк натижаларни кўра бошладим. Йиғилишлар, мажлислар ва скайп-конференцияларнинг аксариятида ходимлар бир-бирлари билан осонгина келиша бошлашди, ҳамкасблар очиқдан-очиқ бир-бирига қарши бўлган вазиятлар сони қисқарди.

Тадқиқот давомидаги бошқа кузатув шахсий тарих билан боғлиқ. Раҳбарлардан бирига унинг раҳбар эканини ҳис қилиш учун ички ишонч етишмаган, лекин психоаналитик билан мулоқот қилгани сари вазият яхши томонга ўзгарди. Ходим анча хотиржамлашди ва ўз даражасидаги вазифаларни янада ишонч билан уддалай бошлади.

Шундан сўнг мен бутун бир компанияга хат ёздим ва «1С-Битрикс»нинг барча ходимларини тадқиқотда иштирок этишга таклиф қилдим. Умумий тақвимда биз сеанслар учун мунтазам слотлар яратдик. Тез орада психоаналитикнинг юкламаси шу даражага етдики, уни штатга қабул қилишга тўғри келди. Ҳозир унинг графиги уч ҳафта олдиндан ёзиб қўйилган.

Хулосалар

Бир йил ичида компанияда нима ўзгарди? Биринчидан, ички муҳит, табассум қилувчи ходимлар сони бир неча бараварга ўсди. Бундан ташқари, HR-менежерлар кузатувларига кўра, штатда психоаналитикнинг борлиги янги иш ўрнига номзод танлашда қўшимча омил бўлиб хизмат қилди. Ҳозирча самарадорлик аниқ рақамлар билан ўлчанмади. Бироқ келгуси йили бу янги тажриба тўғридан-тўғри ёки қисман таъсир кўрсатувчи баъзи бизнес-кўрсаткичларни баҳолашни режалаштиряпмиз.

12 ойлик фаолиятдан сўнг психоаналитикдан лойиҳани қандай баҳолаши ҳақида сўрадим. "Ажойиб, - дея жавоб берди у, - лекин одамлар қўл ишга бормайдиган даражадаги эмоционал ва психологик ҳолатга кўп тушишар экан. Шунчаки ишга келиб, йиғлайдиган ходимлар ҳам бор. Бундай ходимлар билан суҳбатларда оила ва ишдаги ҳал қилинмаган муаммоларнинг улкан қатлами очилади". Буларнинг бари иш жараёнига жуда катта таъсир кўрсатади. Компанияларнинг ўз ходимлари олдида ижтимоий жавобгарлиги ва психологик қулайлиги жуда тез реал иқтисодий фойда келтиради. Биз ҳеч қандай глобал мақсадлар қўймадик, бироқ бу тадқиқот компаниямиздаги энг мотивацияловчи тадқиқотлардан бири бўлди.

Корпоратив психоаналитиклар базавий психологик муаммоларни ҳал қилишдан ташқари, ижтимоий тармоқларда салоҳиятли номзодларнинг психологик портретларини таҳлил қилишга ҳам ўргатишади, кадрлар бўлими учун тавсияларни тайёрлаш, песронал тўплаш, ишчи гуруҳларда психологик муҳитни созлаш ва қўллаб-қувватлашга ёрдам беришади. Шунингдек, бундай мутахассис янги келган ходимларга компанияга мослашишга ёрдам бериб, эски ходимларга мотивация беради ва уларнинг соғлом work-life balance даражасини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, психоаналитик ходимларнинг срғлиғи ва соғлом турмуш тарзини яхшилашга йўналтирилган турли корпоратив дастурларни ташкиллаштириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишга кўмак беришади. Хуллас, компанияда психоаналитикнинг ишлаши чекланмаган вазифалар ва имкониятлар, демакдир.

Мавзуга оид