Ўзбекистон | 16:20 / 12.09.2018
6442
7 дақиқада ўқилади

Давлат ўрмон хўжалиги органлари фаолияти такомиллаштирилади

Фото: globalstour

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон хўжалиги органларининг фаолиятини такомиллаштириш ва ўрмон хўжаликларининг чегара ҳудудлари табиий ресурсларидан фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан чегара зонаси ва чегара минтақасида ўрмон хўжалигини юритиш ва ўрмондан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом;

Давлат ўрмон хўжалиги органларининг ҳарбийлашган тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

а) Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари билан биргаликда икки ой муддатда чегара зоналари ва чегара минтақаларида ўрмон хўжаликларининг фойдаланишда муаммоли бўлган ер участкаларининг хатловдан ўтказади ва ҳар йили 1 февралгача ер контурларининг рақамларини кўрсатган ҳолда улардан фойдаланишнинг қўшма графигини тасдиқлайди;

б) Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда давлат ўрмон фонди ерлари ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда жойлашган, салоҳиятли туристларни жалб қилиш мақсадида фойдаланиш мумкин бўлган объектларнинг хатловдан ўтказади ва улардан фойдаланиш бўйича таклиф киритади;

салоҳиятли туристларни жалб қилиш мақсадида давлат ўрмон фонди ерлари ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда зарур шароитлар ва тегишли инфратузилмани (ёритиш, транспорт ва йўловчи йўллари, ахборот кўрсаткичлари, тақиқловчи белгилар, дам олиш жойлари, меҳмонхоналар ва бошқалар) ташкил этади;

хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари, айниқса, йирик туроператорларнинг веб-саҳифаларида давлат ўрмон фонди ерлари ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларда туристлар учун яратилган имкониятлар ва шароитлар тўғрисида доимий асосда фаол тарғибот олиб боради;

в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

ўрмонларни қўриқлаш нормативлари, ўрмон қўриқчилиги ходимларининг сони бўйича нормалар, улар учун инвентарь, транспорт, алоқа воситалари ва жиҳозлар билан таъминлаш меъёрларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 9 сентябрдаги 203-сон қарори билан тасдиқланган Ўрмон қўриқчилиги тўғрисидаги низомга ўрмон қўриқчилиги ходимларининг, шу жумладан чегара зонасида ва чегара минтақасидаги функционал мажбуриятларини аниқлаштириш юзасидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф киритади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари:

чегара зоналарига кириш (ўтиш), бу ерда бўлиш (яшаш), чегара минтақаларига кириш ва чиқиш (ўтиш), вақтинча бўлиш (яшаш), бўлиш, ҳаракатланиш ва ишларни амалга ошириш учун тегишли рухсатномаларнинг ўз вақтида берилишига қатъий риоя этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда алоҳида бўлиш тартиби белгиланган объектлар ва жойларга туристларнинг кириши (ўтиши), вақтинча бўлиши ва ҳаракатланиши учун электрон шаклдаги рухсатнома бериш тартибини икки ой муддатда жорий этади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари республика чегараларида жойлашган ва Ўзбекистон Республикаси чегара қўшинларига бепул фойдаланиш учун берилган ер участкаларидан хўжалик фаолиятини юритиш учун икки томонлама шартномалар асосида, тегишли тўлов эвазига белгиланган тартибда фойдаланишни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети параметрларида:

давлат ўрмон хўжалиги органларининг чегара зонаси ва чегара минтақасида ишловчи ходимларининг ойлик лавозим маошига 30 фоизлик қўшимча устама;

Чегара зонаси ва чегара минтақасида жойлашган ҳар бир давлат ўрмон хўжалигига қўшимча 15 нафар ходим (ўрмончи, егерь, инспектор), жами 360 нафардан кўп бўлмаган ходимни таъминлаш учун маблағ ажратилишини назарда тутади.

Чегара зонаси ва чегара минтақасида ўрмон хўжалигини юритиш ва

ўрмондан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, чегара зонаси ва чегара минтақасида ўрмон хўжалигини юритиш давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан амалга оширилади.

Чегара зонасида жойлашган давлат ўрмон хўжалиги органларининг ходимлари чегара зонасида рухсатнома карточкаларисиз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, чегара минтақасида - Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда бериладиган рухсатномалар бўйича бўлиш ҳуқуқига эгадир.

Чегара зонаси ва чегара минтақасида жойлашган ўрмон хўжалигининг қуйи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ва чегара қўшинларининг тегишли бўлинмаларига ҳар йили бир марта ўрмон хўжалигининг қуйи ташкилотларининг ходимлари бўлган шахслар рўйхатини тақдим этади.

Ички ишлар ва чегара қўшинлари бўлинмалари ушбу рўйхатни тасдиқлайди ва ўрмон хўжалигининг қуйи ташкилотларига маълумот учун юборади.

Ўрмон хўжалигининг қуйи ташкилотлари ходимларининг чегара минтақасида шу мақсад учун белгиланмаган йўллар ва сўқмоқларда ҳаракатланиши тақиқланади (ўрмон қўриқчилиги ходимлари бундан мустасно).

Чегара минтақасида ишлаб чиқариш ишлари амалга ошириладиган ҳудудларида (жойларида) ҳаракатланиш учун ўрмон хўжалигининг қуйи ташкилотлари чегара қўшинлари бўлинмалари билан келишган ҳолда уларга олиб борадиган зарур йўллар ва сўқмоқларни жиҳозлаши ва таъмирлаши мумкин.

Чегара қўшинлари бўлинмалари ўз ваколатларига мувофиқ, зарурат туғилганда чегара минтақасида ҳам, чегара зонасида ҳам бу ёки бу тадбирларни ўтказишни маълум бир вақтга қадар тўхтатиб туради.

Ўрмонларни қайта тиклаш тадбирлари қонунчиликка мувофиқ ўтказилади.

Чегара минтақасида ўрмонларни қайта тиклаш тадбирлари тизими асосан ўрмон дарахтларининг табиий қайта тикланиш салоҳиятидан фойдаланишга йўналтирилиши керак.

Чегара зонасида ва чегара минтақасида барча ўрмонларни қайта тиклаш бўйича барча тадбирлар санитария қоидалари ва нормалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари ва бошқа қонунчилик талабларига мувофиқ бажарилиши лозим.

Чегара зонасида ва чегара минтақасида ўрмон зараркунандалари ва касалликлари ўчоқлари, ўрмон ёнғинларининг хавфли тарқалиши аниқланган ҳолларда, давлат ўрмон хўжалиги органлари бу ҳақида қўшни давлатнинг ваколатли органларини тезкор хабардор қилишлари керак.

Чегара зонасида ёнғинлар юзага келган ва уларни бартараф этиш вақтида (ёнғин хавфи даврида) фуқароларнинг ўрмонларга кириши чекланади, транспорт воситаларининг умумий фойдаланишдаги йўллардан ташқари ҳаракатланиши тақиқланади, давлат ўрмон хўжалиги органларининг патруль автомобиллари, чегара қўшинлари ходимлари ва транспорт воситалари бундан мустасно, ўрмонлардан рекреация мақсадларида фойдаланиш чекланади.

Чегара қўшинлари қонунчиликда белгиланган тартибда чегара минтақасида хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият турларини юритишда қўшимча қоидалар белгилаши мумкин.

Ўрмон хўжалигининг қуйи ташкилотлари чегара зонаси ва чегара минтақасида давлат ўрмон фондининг ўзларига берилган участкаларидан фақат куннинг ёруғ вақтида ўрмон хўжалигини юритади ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларини амалга оширади, тунда чегара минтақаларида қолишига йўл қўйилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид