Ўзбекистон | 19:09 / 13.09.2018
9487
5 дақиқада ўқилади

Фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби белгиланди

Фото: knews.kg

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

штатда олий юридик маълумотга эга бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши; 

меҳнат мигрантларини юбориш назарда тутилаётган мамлакатлар тилларини яхши биладиган камида бир нафар ходимнинг бўлиши;

фуқаролар мурожаат қилаётган ва уларга хизмат кўрсатилаётган жараёнларни ёзиб оладиган ҳамда ёзиб олинган маълумотларни уч ой мобайнида сақлайдиган видеокузатув тизими билан жиҳозланган бино ёки хонанинг бўлиши;

ариза берувчи рўйхатдан ўтказилган вақтда Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган энг кам иш ҳақининг камида беш минг баравари миқдорида шаклланган устав жамғармасига эга бўлиши;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисобрақамида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов амалга оширилган вақтдаги курси бўйича эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ариза берувчининг шаклланган устав жамғармаси маблағлари ҳисобидан захиралаш;

фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришдан манфаатдор бўлган шахсларни танлаб олишда ҳар қандай турдаги камситиш тақиқланганига риоя этиш;

ишчи органга фаолият тўғрисидаги ҳисоботни ҳар ой тақдим этиш;

талабгорлар билан тузиладиган шартномаларни, шунингдек, талабгорлар ва хорижий иш берувчилар билан тузиладиган шартномаларни юритиш;

Ўзбекистон Республикасининг ва/ёки борадиган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ноқонуний деб эътироф этилган фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси мсҳнат мигрантларини юбориш тақиқланганига риоя этиш.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишга доир лицензия талаблари ва шартлари лицензия битимида кўрсатилади,

Лицензияларни бериш, қайта расмийлаштириш, тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш тўғрисидаги аризалар ишчи орган томонидан кўриб чиқилади.

Лицензия олиш учун ариза ушбу ариза ва лицензия олиш учун тақцим этиладиган зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўн иш куни давомида ишчи орган томонидан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш якунлари бўйича ишчи орган хулоса тайёрлайди ва лицензияловчи органга тақдим этади.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ишчи орган томонидан тўлов куни Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида ишчи орган ариза берувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича режалаштирилаётган фаолиятни амалга ошириш учун мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқлигини жойига бориб ўрганиши мумкин.

Лицензияловчи орган ишчи орган хулосасини олган кундан бошлаб беш кун мобайнида лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ишчи орган лицензия талабгорини тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун давомида қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилиши шарт.

Ишчи орган лицензиатлар жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига лицензия бериш, уни тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисида маълум қилади.

Лицензия бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, талабгор қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб уч кундан кечикмай, Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг депозит ҳисобрақамида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов амалга оширилган вақтдаги курси бўйича эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни захиралаши керак.

Лицензия берилганлиги учун ишчи орган томонидан тўлов куни Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия чекланмаган муддатга берилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарори ва лицензия битими лицензия бериш учун асос ҳисобланади.

Мавзуга оид