Фан-техника | 21:55 / 14.09.2018
31218
2 дақиқада ўқилади

Volvo “келажак” юк машинасини тақдим қилди (видео)

Volvo’нинг юк машиналари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи бўлими Volvo Trucks электр двигателда ишловчи “келажак” юк машинаси прототипини намойиш қилди. Компания юк машинасига бағишланган кичик видеороликни YouTube’да жойлаштирди.

Антиқа юк машинаси ясси 4 ғилдиракли, кабинасиз платформадан иборат бўлиб, у мустақил равишда тиркамаларга уланиб, ҳаракатлана олади. Машина яратувчиларининг ғоясига кўра, булутли технологиялар билан бир тармоққа бирлашган Vera деб номланувчи бу юк машиналар истиқболда кичик масофаларга юкларни жўнатиш учун қўлланиши мумкин. Мисол учун, улар порт ва саноат ҳудудларидаги одатдаги юк машиналари ўрнини эгаллаши мумкин. Шунингдек, ҳайдовчисиз юк машиналар яқин жойлашган логистик марказлар ўртасида юк ташиши мумкин. 

Юк машинанинг устунликларидан бири унинг шовқинсизлигида бўлиб, бу ундан тунги вақт чекловларсиз фойдаланиш мумкинлигини англатади. Яқин орада Volvo Trucks бир неча ҳамкорлар билан бирга прототипни такомиллаштириш билан шуғулланади.

Ўтган ҳафтада Volvo ҳайдовчисиз электромобил концепти 360с’ни тақдим қилганди. Бу концептда рул ва тепкилар йўқ бўлиб, унинг салони йўловчилар сони ва уларнинг эҳтиёжларига қараб ўзгариши мумкин.

Мавзуга оид