Жаҳон | 19:40 / 17.09.2018
3474
2 дақиқада ўқилади

Парижда бир кунга автомобиллар ҳаракати тўхтатилади

Photo: Mahkeo/Unsplash

16 октябрь куни Франция пойтахти Париж бўйлаб пиёда сайр қилишингиз ва бирорта ҳаракатланаётган автомобилга кўзингиз тушмаслиги мумкин — шу куннинг катта қисмида автомобиль ҳаракати тўхтатилади. Fastcompany’нинг ёзишича, акция учинчи бор ўтказилмоқда ва унинг муаллифлари парижликлар ва шаҳар меҳмонларига Париж бўйлаб машинасиз ҳам ҳаракат қилиш мумкинлигини кўрсатиб, шаҳарни тоза ва хавфсиз қилишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқчи.

Париж ҳокимияти бир неча ўн йиллардан буён режага кўра шаҳар ичида машиналар сонини камайтириш устида иш олиб боришмоқда: 1990 йилдан буён шаҳар чегараси ичида автомобиллар сони 45 фоизга камайиб, велосипедчилар сони 10 баробарга ошган.

2017 йилда шаҳар 2024 йилга бориб дизель автомобиллар тақиқланишини эълон қилди. Газли автомобиллар 2030 йилга бориб тақиқланади. Эски автомобилларнинг ҳозир ҳам иш кунлари эрталаб соат 8дан кечки соат 8гача шаҳар марказида ҳаракатланиши тақиқланган.

«Биз ҳавонинг ифлосланиши натижасида парижликлар олти ой умридан ажралишини биламиз. Биз бу муаммони ҳал этмоқчимиз», — деган Париж мэри муовини Селия Блауэль.

Автомобилдан воз кечишга қарор қилган парижликларга шаҳар ҳокимияти 700 доллар миқдорида компенсация тўлайди — уни велосипед харид қилиш, жамоат транспортида юриш ёки каршерингдан фойдаланишга сарфлаш мумкин. Кичик бизнес эгаси электрда ишловчи юк машинаси ёки автобус харид қилса, шаҳар ҳокимиятидан 10 минг доллар олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 сентябрида республика ҳудудида «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилди. Бундай акция Ўзбекистонда энди ҳар ойнинг учинчи жума кунида доимий равишда ўтказилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид