Ўзбекистон | 12:30 / 21.09.2018
8496
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот темир йўл линиясини лойиҳалашга киришди

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот йўналиши бўйича темир йўл линиясини лойиҳалашга киришди. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига  «Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Фазлитдин Саъдуллаев Тошкентда бўлиб ўтаётган транспорт форуми доирасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳаловчиларда темир йўл линияси йўналишини танлашда айрим саволлар пайдо бўлган.

«Биз энг қисқа маршрутни танлашимиз мумкин, аммо кейин бу йўлдан фойдаланиш жуда қийин бўлади. У ер тоғли ҳудуд бўлиб, мураккаб участка саналади. Биз келгусида фойдаланишни осонлаштирадиган кўрсаткичларни ҳисобга олишимиз лозим», – деди у.

Саъдуллаев лойиҳалаш ишлари қачон якунланишига аниқлик киритмади, аммо «Ўзбекистон темир йўллари» бу жараённи узоққа чўзмаслигини билдирди.

2017 йил декабрда Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилиши ва Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўли биргаликда барпо этилишига келишиб олинганди. 

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябрь куни Тошкентда «Марказий Осиё транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар» мавзуида транспорт коммуникациялари соҳасида биринчи халқаро конференция бошланди.

Мавзуга оид