Фан-техника | 12:43 / 24.09.2018
18964
6 дақиқада ўқилади

Pager Ўзбекистонда Telegram ўрнини боса оладими?

Telegram мулоқот учун жуда қулай платформа. Россиялик дастурчи Павел Дуров томонидан 2013 йилда фойдаланишга тақдим этилган ушбу мессенжер кенг имкониятлари, гуруҳ ва канал бошқаруви, текин хизмат, ўзига хос дизайни билан оммавий мулоқот воситасига айлана олди. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам ушбу мессенжер кенг мулоқот майдонига айланган.

Албатта, мессенжерлар ҳақида фикр билдирганда маълумотлар хавфсизлигига ҳам алоҳида тўхталиш зарур.

Охирги йилларда кўплаб мамлакатларда маҳаллий мессенжерлар яратиш орқали уларнинг хизматлари ўзлаштирилаётгани инобатга олинса, келажакда ушбу хизматларнинг ҳам маҳаллийлашишини тахмин қилиш мумкин.

Республикамизда ҳам маҳаллий мессенжерларни яратиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча ҳуқуқий асослар яратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 августдаги “Глобал интернет ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги № 625 сонли қарорнинг комплекс дастурида “Миллий мессенжерлар яратиш ва ривожлантириш” ишлари ҳам ўрин олган .

Мавзуни бежиз мессенжерлардан бошламадик. Бир неча кун аввал келажакда Ўзбекистон учун асосий мулоқот воситаси сифатида Telegram ўрнини боса олиши мумкин бўлган Pager номли дастур ва ушбу дастурнинг мобиль иловаси яратилгани ҳақида эшитдик.

Фото: Pager 

Ҳўш, Pager ўзи қандай дастур ва мулоқот воситаси сифатида ҳақиқатдан ҳам Telegram ўрнини эгаллай оладими? Ушбу мавзулар юзасидан “ORIENT SOFTWARE TEAM” компаниясининг асосчиларидан бири, дастур яратувчиси Анвар Каримов билан суҳбатлашдик.

- Дастлаб жамоангиз ва дастур ҳақида маълумот берсангиз.

Анвар Каримов:

-Жамоамиз дастурий маҳсулотлар яратиш билан шуғулланади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, компаниямиз ходимлари турли хил дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича катта тажрибага эга ёшлар ҳисобланишади. Жумладан, икки йилдан буён дунёда оммавий ҳисобланган мессенжерлар, уларнинг самараси ва қўшимча имкониятларини ўрганиш устида иш олиб бормоқдамиз. Мақсад-Ўзбекистон учун қулай, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан самарали оммавий мулоқот дастурини яратиш ва ташқи интернет харажатларини камайтириш.

Pager дастурида матн, расм, контактлар, медиа файлларни юбориш, шунингдек барча фойдаланувчиларни қизиқтирувчи аудио ва видео қўнғироқларни амалга ошириш имкониятлари мавжуд.

Дастур ҳозирги кунда  IOS, ANDROID версияларида тўлиқ фойдаланиш учун тайёр, WEB va DESKTOP версиялари устида иш олиб борилмоқда.

Дастур тўртта: ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида ишлайди. Келгусида янги тилларни қўшиш мумкин.

Фото: Pager 

-Ушбу иловага ўхшаш яна қандай дастурлар яратилган ҳамда Pagerнинг улардан фарқли жиҳати нимада?

Анвар Каримов:

-Pager’нинг имконият ва ишлаш йўналиши Хитойда оммавий равишда фойдаланилаётган Wechat, Япониядаги Line, Кореяда KakaoTalk, Америка ва Европада  Whatsapp ва бизда оммалашган Telegram messenger’ларига ўхшаш. 

Иловани бошланғич мессенжер сифатида тушуниш мумкин. Бироқ, кейинчалик унинг ёрдамида аҳолига турли йўналишларда хизмат кўрсатишни ҳам йўлга қўямиз.

Масалан, коммунал хизматларга тўлов қилиш имконияти. Ушбу хизматни ёқтирган фуқаролар доимий равишда коммунал тўловлар, тўлов қилиш вақти ва ҳисобидаги мавжуд маблағ ҳақида маълумотга эга бўлиб боришади ёки автомобиль ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлигидан огоҳлантирувчи смс хабарлар, тадбирлар учун онлайн чипта олиш, навбатга ёзилиш каби давлат хизматларини бир тизимга бирлаштириш мумкин.

Шунингдек мамлакатимиздаги мавжуд тўлов тизимлари билан ҳам дастурни интеграция қилиш режаларимиз бор.
Албатта бу дастуримизни фойдаланувчилар томонидан қандай қабул қилинишига ва келгусидаги ривожига боғлиқ.

Шунингдек, фойдаланувчиларни талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда яна қўшимча хизматларни ҳам йўлга қўйиш мумкин.

-Pagerда фойдаланувчилар учун маълумотларни алмашиш қанчалик даражада ишончли?

Анвар Каримов:

-Дастурни яратиш давомида фойдаланувчи маълумотларининг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда кўпгина замонавий мессенжерлар қатори бизда ҳам, фойдаланувчиларининг барча маълумот алмашишлари шифрланган ҳолда амалга оширилади. Фойдаланувчилар Pager’да ўзларини хавфсиз ҳисоблашлари мумкин.

Фото: Pager 

-Қачон ушбу дастурдан фойдаланишимиз мумкин?

Анвар Каримов:

-Ҳозирги пайтда дастур фойдаланишга тайёр. Компания ходимлари ва тор доирадаги 100 дан ортиқ фойдаланувчилар томонидан синов тариқасида фойдаланилмоқда. Бироқ иловани оммавий фойдаланиш учун эълон қилганимиз йўқ, бунинг асосий сабаблари бизда сервер ва интернет тезлиги оммавий фойдаланиш учун етарли эмас. Бунинг учун алоҳида DATA CENTER ва юқори  тезликка эга интернет тармоқлари керак бўлади. 

Ишонаманки, ушбу муаммоларга ижобий ечим топилади ва дастур ишга тушган ҳолатда юртдошларимиз учун ҳар томонлама қулай мессенжер таклиф қила оламиз.

-Юртдошларимизга хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан қулай ва қўшимча имкониятларга эга мессенжерни ваъда қилаяпсиз. Айтинг-чи, бу борада сизларга инвесторлар ёрдами қанчалик зарур?

Анвар Каримов:

-Албатта, ҳар қандай соҳанинг ривожланиши учун маблағ масаласи катта аҳамиятга эга. Бизнинг дастурий маҳсулот фойдаланишга тайёр ҳолатда, фақат юқори тезликка эга интернет тармоқларига уланиш ёки керакли характердаги серверлардан фойдаланиш,  дастурий маҳсулотни ривожлантириб бориш учун маълум миқдорда маблағ талаб қилади.

Шу сабабли, лойиҳадан кўзланган мақсадларга эришиш ва уни янада ривожлантириш учун инвестиция киритиш истагини билдирган тадбиркорлар, ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга  доим тайёрмиз.

Pager дастури ҳақида қўшимча маълумот ва лойиҳада ҳамкорлик учун телефон: +99899 833 24 11

Мавзуга оид