Ўзбекистон | 20:36 / 28.09.2018
3674
2 дақиқада ўқилади

ФҲДЁ бўлимларида тўлиқ электрон ҳужжат айланишига ўтилади

Фото: Norma

Вазирлар Маҳкамаси “Гербли гувоҳномалар шаклларини такомиллаштириш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг аҳолига кўрсатаётган хизматлари сифатини яхшилаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ, ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказилиши 2022 йил 1 январга қадар тугатилади ҳамда кейинчалик "Ягона электрон ФҲДЁ архиви" ахборот тизими билан интеграциялаштириш учун ягона электрон ФҲДЁ архив фонди шакллантирилади. 

Фуқаролик ҳолати далолатномаларининг ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш учун ҳар бир ФҲДЁ бўлимида сақланаётган 200 мингдан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларидан келиб чиққан ҳолда, 2018 йил 1 октябрдан 2022 йил 1 январгача ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида архивариус лавозими жорий этилади. 

ФҲДЁ бўлимларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон ҳужжат айланишига ўтилиши муносабати билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг сонини белгилаш мезонлари қайта кўриб чиқилади. 

2019 йил 1 январдан бошлаб туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномалар бланкаларини қўлда тўлдириш бўйича талаблар бекор қилинади ва уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат босма ҳарфлар билан тўлдириш тартиби жорий этилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид