Ўзбекистон | 15:05 / 01.10.2018
6230
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Озарбойжон тарихи ва давлатчилиги музейи очилди (суратлар)

Тошкент шаҳридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият марказида рекострукция ишларидан кейин "Озарбойжон тарихи ва давлатчилиги" номи остидаги музейнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказ вакиллари KUN.UZ'га шу ҳақида хабар беришди. 

Шуни таъкидлаш лозимки, тарих ва маданият музейининг очилиши Озарбойжон Демократик Республикасининг 100 йиллиги ва мамлакат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган. 

Музейнинг очилиш маросимида Ўзбекистоннинг етакчи кутубхоналари раҳбар ва ходимлари, Ўзбекистон-Озарбойжон Дўстлик жамияти, Тошкент шаҳри олий мактаблари ўқувчилари, пойтахтда яшовчи  озарбойжонликлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Маданият маркази фойесида иштирокчиларга "100 йиллик Республикамиз" номли фотокўргазма намойиш этилди. 

Тадбирни Марказ директори, Озарбойжон элчихонаси биринчи котиби Самир Аббосов очиб берди ва Озарбойжон халқининг қадимий тарихи, моддий-маданий ёдгорликлари, бой анъаналари, адабиёти ва мусиқий тарихи билан фахрланишини таъкидлади. 

Самир Аббосовнинг сўзларига кўра, музей фаолиятини йўлга қўйишдан асосий мақсад - ўзбек халқига Озарбойжон халқининг қадимий тарихи ва бой маданиятини етказиб бериш ва тарғиб қилиш. 

Ўзбекистон Давлат тарих музейи директори Жаннет Исмоилова Озарбойжон тарихи ва давлатчилиги музейининг очилишини тарихий воқеа деб атади ҳамда музей қардош Озарбойжон халқи, унинг давлатчилиги, анъаналари ҳақида маълумот олишни истаган инсонлар учун биринчи ахборот манбаи сифатида хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир давомида Ўзбекистон Фанлар Академияси Давлат тарих музейи ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон Маданият маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. 

Музейнинг очилиши маросими кичик концерт дастури ва миллий рақслар намойиши билан тўлдирилди. 

Мавзуга оид