Спорт | 17:07 / 03.10.2018
12688
11 дақиқада ўқилади

Кейн Мессига қарши. ЕЧЛда иккинчи кун интригалари

Бугун, 3 октябрь куни Европа Чемпионлар Лигасининг яна 4 гуруҳида 2-тур ўйинлари давом эттирилади. «Трибуна» бу учрашувлар анонсини тақдим этади.

А ГУРУҲИ

«АТЛЕТИКО» – «БРЮГГЕ»
Мадрид. «Ванда Метрополитано» стадиони. 23:55.
Ҳакам: Иван Кружляк (Словакия)

«БОРУССИЯ» ДОРТМУНД – «МОНАКО»
Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк». 23:55.
Ҳакам: Алексей Кулбаков (Беларусь)

Ўтган турда «Брюгге» ўз майдонида «Боруссия»га имкониятни бой берган бўлса-да, агар ўйинни томоша қилган бўлсангиз, сиз ҳам биласиз – бельгияликлар жуда кучли ўйин намойиш этишди ва бир неча ўйинга етадиган хавфли вазиятларни ярата олишди. Яъни, бугунги ўйинда «Атлетико» яққол фаворит бўлса-да, ғалаба у қадар осонлик билан келишини башорат қилиш тўғри бўлмайди. Умуман, «Брюгге» каби ўйин услубига эга мактаб вакилларига қарши Симеоне муаммоларга дуч келишини аввалдан биламиз. Эсингизда бўлса, уч йил олдин «Атлетико» ПСВ билан жуда қийин плей-офф ўйинларини ўтказганди.

Шунингдек, мадридликларнинг шанба куни «Реал»га қарши оғир дерби ўйинида майдонга тушганини ҳам унутмайлик. «Брюгге» эса Бельгия кубогида иккинчи таркиб билан майдонга тушиб ютқазди. Яъни, энди жамоа бор эътиборини миллий чемпионат ва ЕЧЛга қаратиш имкониятига эга бўлди.

Кейинги жуфтлик - «Боруссия» ва «Монако» гуруҳдаги иккинчи йўлланма учун асосий рақобатчи сифатида тилга олинади. 2017 йилнинг апрелида бу жамоалар ЕЧЛ чорак финалида тўқнаш келганди. Ўшанда «Монако» икки ўйин натижасига кўра ғолиб чиққан ва ярим финалга йўл олганди. Шундан буён Монакони Лемар, Бернарду Сильва, Фабиньо, Мбаппе, Бакойока каби асосий футболчилар тарк этишди, яъни жамоа деярли бутунлай ўзгарди. «Боруссия» ҳам энди янги мураббий қўл остида тўп сурмоқда.

Бу ўйинга жамоалар турли ҳолат ва кайфиятда кириб келишмоқда. «Боруссия» Бундеслигада мағлубиятсиз бормоқда ва «Бавария»нинг сўнгги турлардаги қоқилишлари эвазига биринчи ўринга чиқиб олди. «Монако» эса, аксинча, 11 август куни «Нант» устидан сафарда эришилган ғалабадан буёғига бирорта ўйинда ғалаба қозона олмаяпти. Қаторасига саккиз ўйин ғалабасиз серия «Монако»нинг жиддий инқирозда эканини англатади.

Лекин баъзида ЕЧЛнинг бошқа мусобақаларга парадоксал тарзда, бутунлай бошқа натижалар тақдим этишига ҳам ўрганиб қолганмиз. Ҳужумкор ва мухлислар учун ёқадиган футбол намойиш этадиган бу икки жамоа яна бир кескин учрашув тақдим қилишлари шубҳасиз.

В ГУРУҲИ

«ТОТТЕНҲЭМ» – «БАРСЕЛОНА»
Лондон. «Уэмбли». 23:55.
Ҳакам: Феликс Цвайер (Германия)

ПСВ – «ИНТЕР»
Эйдховен. «Филипс Стадиум». 23:55.
Ҳакам: Милорад Мажич (Сербия)

Дастлабки турда Миландаги учрашувнинг 85-дақиқаларида бу гуруҳ фаворитлари аниқ бўлиб улгурган, ҳаммаси ҳал бўлгандек эди гўё. Аммо «Интер»нинг сўнгги дақиқалардаги икки голи барчасини мураккаблаштириб юборди ва энди «Тоттенҳэм» бугун ғалаба учун майдонга тушишга мажбур. Кузнинг энг муҳим ўйини олдидан Почеттинода етарлича муаммолар пайдо бўлгани вазифани янада қийинлаштириб юборади. Деле Алли, Кристиан Эриксен, Ян Вертонген, Муса Дембеле – бу номларсиз бугунги «Тоттенҳэм»ни тасаввур қилиш ҳам қийин, лекин бугун айнан шундай «Тоттенҳэм»ни «Барселона»га қарши кўрамиз.

«Уэмбли» – «Барселона» учун омадли стадион. 2011 йилда айнан шу ўйингоҳда каталонияликлар Европа Чемпионлар Лигасини ютиб олишганди. Ла Лигада охирги уч турда Вальверде шогирдлари муаммоларга дуч келаётган бўлишса-да, одатда инглиз жамоаларига қарши «Барселона» жуда муваффақиятли ҳаракат қилади. Октябрь – ноябрь ойлари «Барселона» учун ҳақиқий имтиҳонга айланади – шу даврда Испания чемпионатида ҳам оғир ўйинлар кутиб турибди. Бундай ҳолатда ЕЧЛдаги вазифани имкон қадар эртароқ ҳал қилиш ва ортиқча қийинчиликлардан қочиш учун каталонияликлар бугун уч очкодан умид қилишади.

Бу жамоалар шу йилнинг июлида мавсумолди назорат ўйинида майдонга тушишганди. Испанлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишгач, иккинчи бўлимда «Тоттенҳэм» икки гол уриб, ҳисобни тенглаштирганди.

Иккинчи жуфтликда «Интер» Нидерландия чемпиони меҳмони бўлади. ПСВ бу гуруҳда очко улашувчи мақомига лойиқ кўрилган ва дастлабки турда «Камп Ноу»даги йирик мағлубият буни исботлаётгандек. Лекин «Аякс»нинг кечаги натижаси, яъни «Бавария» майдонида устунлик билан тўп суриб дурангга эришгани ПСВга ҳам қанот бағишласа керак. Яқиндагина ПСВ «Аякс» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонганди. Умуман, Эрдивизияда Ван Боммел шогирдлари жуда кучли ўйин намойиш этишмоқда – 7 ўйин, 7 ғалаба, тўплар нисбати 26-3. Барселонадаги мағлубиятдан кейин ҳам эйдховенликлар жамоаси уч ғалабага эришди ва ўз дарвозаларидан бирорта ҳам тўп олиб чиқишмади. Бугунги ўйин ПСВ учун кейинчалик плей-офф ёки Европа Лигаси учун курашда жуда муҳим аҳамият касб этади.

С ГУРУҲИ

«НАПОЛИ» – «ЛИВЕРПУЛЬ»
Неаполь. «Стадио Сан Паоло». 23:55.
Ҳакам: Виктор Кашшаи (Венгрия)

«ПСЖ» – «ЦРВЕНА ЗВЕЗДА»
Париж. «Парк Де Пренс». 21:55.
Ҳакам: Артур Диас (Португалия)

Бу гуруҳда уч жамоанинг имкониятлари бир-бирига тенг баҳоланган ва «Црвена Звезда» уларга ўлжа вазифасини ўтаб бериши тахмин қилинганди. Аммо сербларнинг «Наполи»дан очко олишлари вазиятни бироз ўзгартирди. «Црвена Звезда» бошқалардан ҳам очко олиши мумкин даражада кучлими, йўқми, бу аниқлашгунча, ўша натижа «Наполи»нинг муваффақиятсизлиги сифатида баҳоланади. Шунинг учун «Ливерпуль»га қарши ўйинда ғалаба қозониш шарт.

Ҳар икки жамоа ички чемпионатдаги сўнгги турда қийин ўйин ўтказишди. «Наполи» Туринга сафар қилган бўлса, «Ливерпуль» «Челси»га қарши ўйнади. «Наполи» «Ювентус»га у даражада қаршилик қила олмагани, Англиядаги ўйинда эса, «Ливерпуль» сўнгги дақиқаларгача ҳисобда ортда бориб, тенглаштириш учун уринганини эътиборга олсак, инглизларнинг бироз кўпроқ чарчаган бўлишларини айта оламиз. Шунингдек, Клопп жамоасини дам олиш кунлари яна бир муҳим ўйин кутиб турибди – «Манчестер Сити» билан.

Шу нуқтаи назардан, «Ливерпуль» дурангга қарши бўлмаган ҳолда ўйинга бироз прагматик ёндашишини, «Наполи» эса ғалаба учун бор имкониятини ишга солишини тахмин қилиш мумкин. Жамоалар еврокубокларда сўнгги марта 2010 йилда, Европа Лигаси гуруҳ босқичида дуч келишганди. Италиядаги ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, «Ливерпуль» ўз майдонида 3:1 ҳисобида устун келганди. Шу йилнинг 4 августида эса, мавсум олди ўртоқлик ўйинида бу икки жамоа куч синашди. Августга жуда яхши спорт формасида кириб келган «Ливерпуль» бу ўйинда 5:0 ҳисобида устун келди.

Гуруҳдаги бошқа ўйин икки соат аввал бошланади. Парижликлар ўз майдонларида «Црвена Звезда»ни қабул қилади. Ўтган турда мағлубият аламини тотган Тухел жамоаси бу ўйинда ғалаба қозониши шарт. Дани Алвеш, Курзава, Дракслер каби футболчилар жароҳат туфайли жамоага ёрдам бера олишмаса-да, серблар устидан ғалаба қозониш қолган футболчилар учун ҳам у қадар қийин вазифа бўлмаслиги керак. Кейинги турлар – «ПСЖ» ва «Наполи»нинг ўзига хос дуэли ушбу гуруҳ масаласини ҳал қилса керак.

ГУРУҲИ

«ПОРТУ» – «ГАЛАТАСАРОЙ»
Порту. «Драгау». 23:55.
Ҳакам: Майкл Оливер (Англия)

«ЛОКОМОТИВ» – «ШАЛЬКЕ»
Москва. «РЖД Арена». 21:55.
Ҳакам: Энтони Тэйлор (Англия)

Кейинги босқичга чиқиш учун деярли тенг имкониятга эга бўлган жамоалардан тузилган гуруҳ. Биринчи турдаги натижалар ҳам мувозанатни ўзгартирмади. «Локомотив» Туркияда йирик ҳисобда мағлубиятга учраган бўлса-да, ўйин сифати бўйича рақибидан қолишмади ва руслар бир муваффақиятли ўйин билан барчасини ўз жойига туширишлари мумкин.

Бунинг учун дастлабки имконият бугун, Москвада «Шальке» билан ўйинда мавжуд. Немислар «Порту» билан ўйинда ғалабани қўлдан чиқаришди, Бундеслигада эса ишлар жуда ёмон кетяпти. «Шальке» фақат ўтган ҳафтадагина мавсумдаги илк ғалабасига эришди. Ундан олдин қаторасига беш ўйинда мағлубият алами тотилганди.

Таркиблар борасида ҳар икки жамоада ҳам муаммолар етарли. Юрий Сёмин Коломейцев, Смолов, Рибус каби шогирдларидан фойдалана олмайди. Немислар таркибида эса, Стамбули, Очипка, Гейс, Рейцер каби футболчиларнинг майдонга тушиши сўроқ остида.

«Драгау»да биринчи турнинг омадли жамоалари орани очиқ қилади ва ушбу ўйин ғолиби гуруҳда пешқадамликни ўз қўлига олади. «Галатасарой» турнирда йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлаган бўлса-да, сафар ўйинларида жамоани ишончсизлик чулғаб олгани бор гап. Фотиҳ Терим жамоаси ўз майдонидаги ўйинларда Туркия Суперлигасида ҳам ишончли ўйин кўрсатмоқда, аммо сафарда ундай эмас. Жамоа рақиб майдонида ўтказган сўнгги икки ўйинни бой берди. Бунинг устига ҳар икки ўйинда ҳам «Галатасарай» йирик ҳисобда бой берган. Бугунги рақиб «Порту» – «Трабзонспор» ёки «Оқҳисор»дан анча кучли ва тажрибали эканини эътиборга олсак, меҳмонлар учун бироз ҳадиксираш мумкин.

Мавзуга оид