17:25 / 04.10.2018
25974

Соғлиқни сақлаш тизимида янги тайинлов амалга оширилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида янги лавозим тайинлови амалга оширилди. Абдураҳмон Абдумавлянович Қаюмов Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда KUN.UZ’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Абдураҳмон Абдумавлянович Қаюмов

Унга мазкур институтни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш, гематология соҳасидаги касалликларни ташхислаш, даволаш ва олдини олишнинг янада рационал усулларини амалда қўллаш, қон тизими касалликлари бўлган беморларни даволаш ва консультатив ёрдам кўрсатиш, соҳадаги инновацион ва замонавий самарали даволаш усуллари ҳамда илмий ишлар натижаларини татбиқ қилиш, қон тизими касалликларининг диагностикаси, эпидемиологияси ва профилактикаси масалаларини ўрганиш каби муҳим вазифалар юкланган.

Шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, бу борада хорижнинг нуфузли муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ҳудудлардаги гематология бўлимларига методик ёрдам кўрсатиш, қон тизими касалликларининг олдини олиш ва даволаш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш каби йўналишларга ҳам масъул этиб белгиланган.

Маълумот учун: А.Қаюмов бугунгача Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти клиникаси бош шифокори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Top