Спорт | 17:00 / 04.10.2018
11045
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси раҳбари ҳам 4 ой ичида ишдан кетди

Бугун, 4 октябрь куни Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясида навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, ассоциация Ижроия қўмитаси аъзолари, ассоциациянинг вилоят бўлими раҳбарлари, ҳакамлар, мураббийлар, терма жамоа аъзолари иштирок этди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, конференция кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала ташкилотга янги раҳбар сайлаш эди.

Ушбу лавозимга Аҳмаджон Аминджанович Раҳимов номзоди илгари сурилди ва йиғилганлар кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашди. Якунда Аҳмаджон Раҳимов Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг раиси этиб сайланди.

Аҳмаджон Раҳимов
Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Конференцияда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов сўзга чиқиб, таэквондонинг Ўзбекистонда ривожланиб бораётган спорт турларидан бири эканлиги, биргаликда ишлаб янада каттароқ муваффақиятларга эришиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

Янги сайланган раҳбар ҳам ўз ўрнида ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориб, мамлакат довруғини кўкларга кўтариш лозимлигини қайд этиб ўтди.

Маълумот учун, Аҳмаджон Раҳимов 1975 йилда таваллуд топган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Оилали. Уч фарзанднинг отаси.

«Янги раҳбарият олдида у қадар осон бўлмаган вазифа турибди. Жумладан, ассоциация раҳбарияти Ўзбекистонда таэквондони янада ривожлантириш, оммалаштириш, спортчиларни нуфузли мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўриши ва муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш лозим бўлади», - дейилади хабарда.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциацияси президенти лавозимида қарийб 10 йилдан буён фаолият юритиб келган Ботир Парпиев, Давлат солиқ қўмитаси раислигидан ишдан олиниши ортидан, бу вазифасидан ҳам озод этилган эди. Парпиевнинг ўрнига 19 май куни Лазиз Сайдивалиевич Ҳасанов сайланган.

Миллий олимпия қўмитаси хабарида ассоциацияга 4 ойдан бироз кўпроқ вақт раҳбарлик қилиб келган Лазиз Ҳасанов исми тилга олинмаган. Шу билан бирга, Аҳмаджон Раҳимовнинг аввалги иш жойи борасида ҳам маълумот берилмаган.

Лазиз Ҳасанов
Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Таъкидлаш жоиз, ўтган ҳафта Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясида ҳам навбатдан ташқари конференция бўлиб ўтган ва унда май ойидан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келган Нурхон Нафасов ўрнига Аламжон Муллаев сайланди. Ўшанда ҳам собиқ раҳбарнинг ишдан олиниши сабаби номаълумлигича қолган эди. Кейинроқ Kun.uz ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида журналистик суриштирув ўтказиши натижасида бир қатор можароли ҳолатларни аниқладиган эди.

Мавзуга оид