Спорт | 17:09 / 05.10.2018
19006
14 дақиқада ўқилади

«Сити» ва «Ливерпуль» ўртасида 6 очколик ўйин. Ҳафта ўйинлари анонси

Дам олиш кунларида Европа яшил майдонларида лигаларда навбатдаги тур учрашувлари ўтказилади. «Трибуна» уикенднинг асосий ўйинлари анонсини тақдим этади.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – НЬЮКАСЛ (6 октябрь, 21:30)

Агар аввалги мавсум бўлганида, бу ўйинга алоҳида эътибор қаратиш шарт эмасди балки. Роппа-роса бир йил олдин Моуриньо жамоаси 7 ўйиндан 6тасида ғалаба қозониб, турнир жадвалини бошқариб турган, ўз дарвозасидан бор йўғи 2та тўп олиб чиққанди. Ҳозир Де Хеа 10тага кўпроқ гол ўтказиб юборган, жамоа аввалги мавсумга нисбатан 10та кам гол урган. Очколар сони ҳам шунга яраша, манчестерликлар пешқадамлардан кўра, сўнгги ўриндаги жамоага яқинроқ бўлиб турибди.

«Манчестер Юнайтед» барча мусобақаларда тўрт ўйиндан бери ғалаба қозона олмаяпти. «Олд Траффорд»даги статистика ҳам янада қўрқинчли – Жозе Моуриньо фаолияти давомида илк маротаба қаторасига тўрт уй учрашувини ғалабасиз ўтказди. Мавсумнинг биринчи ўйинида «Лестер» устидан қозонилган ғалаба «қизил иблислар» учун ўз мухлислари кўз ўнгидаги ягона ғалаба бўлиб турибди.

Бунинг устига, «Ньюкасл»нинг 7 турни ғалабасиз ўтказаётгани чалғитмасин, «қарғалар» «Олд Траффорд»да ноқулай меҳмон ҳисобланади. Икки йилда бир «Ньюкасл» бу ердан очко олиб кетади.

Статистика-ю, рақиб ўз йўлига, аввало, Моуриньо ички муаммоларни ҳал қилиб олиши керак. «Валенсия» билан ўйин мавжуд саволларга жавоб бермади: бир қараганда, футболчилар ҳаракат қилишяпти, лекин натижа ўзгаргани йўқ. Мураббий ва футболчилар ўртасидаги масофа ўйиндан ўйинга катталашиб, норозилар сони ошиб бормоқда. Глейзерларнинг Моуриньони қўллаб-қувватлашни бошлаганликлари ва унга ишонишларини маълум қилганликлари, балки вазиятни ўзгартирар, кўрамиз.

Андер Эррера ва Эшли Янг бу сафар ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. Ўтган ўйинда яхши спорт формада эмаслиги айтилган Жесси Лингард ҳам кўп эҳтимолки, ўйнай олмайди. Бенитес жамоасида эса, Флориан Лаюн сафда эмас. Саломон Рондон ҳам тикланиб улгургани йўқ. Федерико Фернандес эса машғулотларга қайтган.

«Вест Ҳэм» майдонидаги мағлубиятдан сўнг, Жозе Моуриньонинг истеъфоси ҳақида хабарлар кўпайган, кейинчалик, мураббийга навбатдаги ўйинлар учун имкон берилгани айтилганди. «Валенсия» билан ўйинда ҳисоб очилмади. Агар навбатдаги уй учрашувида ҳам уч очко олинмаса, балки бу Жозе Моуриньонинг Манчестердаги сўнгги ўйини бўлиши мумкин.

БАВАРИЯ – БОРУССИЯ М (6 октябрь, 21:30)

Сўнгги ҳафталарда қаердандир муаммоларга йўлиққан «Бавария»нинг навбатдаги ўйини ҳам барчани эътиборида бўлса керак. Нима бўляпти?

Аввалига «Аусбург» билан ўз майдонидаги дуранг, кейин эса, Берлинда 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, Ковач шогирдлари биринчи ўриндан тушиб кетишди. Нохуш серия Чемпионлар Лигасида ҳам давом этди. «Аякс» билан ўйинда меҳмонлар анча фаол ва мазмунлироқ ўйин намойиш этишди. Мавсумни қаторасига 7 ғалаба билан бошлаган жамоа учун жуда кутилмаган ҳолат.

Ҳар икки мусобақада ҳам вазиятни ўнглаш «Бавария» учун балки у қадар қийин бўлмаслиги мумкин, лекин бу ўйинлар бош мураббий Нико Ковачга бўлган ишончни камайтириб бормоқда ва аллақачон ёш мураббийнинг истеъфоси ҳақида мунозаралар бошланиб юборилган.

Бу сафарги рақиб Менхенгладбахнинг «Борусссия» клуби Мюнхенда муваффақиятли тўп суради. Бундеслигадаги сўнгги 6 учрашувнинг 2тасида жамоа ғалаба қозонган ва бир марта дурангга эришган. «Боруссия» чемпионатда ҳам ҳозирча текис бормоқда. Менхенгладбахликлар жамоаси 6 ўйинда 11 очко тўплаган ва жамоани «Бавария»дан атиги икки очко ажратиб турибди холос.

«Бавария» 3 кун олдин Чемпионлар Лигасида тўп сургани, меҳмонлар эса, қўшимча дам олиш кунларига эга бўлганликлари ҳам томонларнинг имкониятларини бир-бирларига яқинлаштиради.

Таркиблар борасида айтилса, «Бавария»да ўша узоқ муддатга сафдан чиққан Толиссо ва Коман йўқ, шунингдек, Рафиньянинг қайтиши терма жамоалар танаффусидан кейин рўй берса керак. «Боруссия»да Хулио Вилабла машғулотларга қайтди. Дрмич ва Рафаэл ҳам қайтиш арафасида, аммо эртанги ўйинда майдонга тушишга улгуришмаса керак.

АТЛЕТИК – РЕАЛ СОСЬЕДАД (6 октябрь, 23:55)

Бильбаонинг «Сан Мамес Барриа» стадионида навбатдаги баск дербиси бўлиб ўтади. Мос равишда 7 ва 8 очкодан жамғариб, турнир жадвалида қўшни бўлиб турган икки жамоа ўртасидаги ўйин қанчалик кескин ўтиши мумкинлигига ортиқача таъриф шарт бўлмаса керак.

Жамоалар турнир жадвалининг иккинчи ярмида боришаётганига эътибор берманг, бу сафарги Ла Лига бироз бошқача бошланди. 17-ўриндаги «Эйбар»ни пешқадам «Барселона»дан атиги 7 очко ажратиб турибди. Солиштириш учун, Франция чемпионатида «ПСЖ» ва 2-ўриндаги «Лилль»ни кўпроқ – 8 очко масофа ажратиб турибди. Испаниянинг ўртамиёна жамоаларининг савияси ошдими ёки топ клубларда муаммолар пайдо бўлиши билан боғлиқми бу?

Ла Лигада бундай ҳолат юзага келишига сабабчи жамоалардан бири «Атлетик». Бильбаоликлар сўнгги 4 ўйиндан бери ғалаба нималигини билишмаяпти, лекин мана шу 4 тур ичида жамоа «Реал» билан ҳам, «Барселона» билан ҳам дуранг ўйнади. «Реал» биланку, жамоа ўзи учун қулай бўлган уй стадионида ўйнади, лекин «Камп Ноу»дан очко билан қайтиш жуда катта натижа.

Сосьедадликларнинг  натижалари ҳам парадоксларга тўла. Жамоа бу мавсумда ҳали уйида ғалаба қозонмади. Ҳар икки ғалаба ҳам сафарда қўлга киритилган. Жамоа ўйини энди изга тушди, дейилди ҳамки, ўтган турда шу пайтгача ғалаба нималигини билмай келган «Валенсия»дан мағлубият қабул қилинди. Демак, сафар жамоаси сифатида кўришимиз мумкин бўлган «Сосьедад»нинг, шунингдек, Бильбаода ҳам жуда муваффақиятли тўп сура олишини таъкидлаш керак. Бу ерда ўтган сўнгги беш ўйиннинг атиги биттасида «Атлетик» ғалаба қозонган холос.

ЛИВЕРПУЛЬ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (7 октябрь, 20:30)

Старрижнинг «Челси» дарвозасига сўнгги дақиқаларда урган голи «Ливерпуль»га пешқадамликни сақлаб қолиш имконини бермади - «Манчестер Сити» икки асосий рақобатчиси дурангидан фойдаланиб, биринчи ўринга кўтарилиб олди. Ана энди, ким қирол экани ҳақидаги саволга «Энфилд»да жавоб ахтариб кўрилади. Ҳар икки жамоа ҳам 7 ўйиндан 6 ғалаба ва бир дуранг билан параллел бормоқда ва ҳатто Чемпионлар Лигасидаги кўрсаткичлар ҳам ўхшаш – бир ғалаба ва бир мағлубият.

Умуман, Юрген Клопп услуби «Манчестер Сити» учун энг ноқулай саналади. Дастлабки мавсумда Клопп Гвардиолани икки ўйинда ҳам мағлубиятга учратди. Ўтган йилнинг августида эса, Маненинг қизил карточкаси ортидан меҳмонлар дарвозасига урилган беш гол ниҳоят «Манчестер Сити»нинг устунлик даври бошланганидан дарак қилгандек эди. Аммо кейинги уч ўйинда яна «Ливерпуль» ғалаба қозонди.

Аввалига, чемпионат ўйинда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонилган бўлса, Европа Чемпионлар Лигасидаги тўқнашув яна қизилларнинг устунлигини таъминлади. Клоппнинг фаол прессинг ва тезкор қарши ҳужумларга асосланган футболига қарши ҳозирча Гвардиола бирор фарқли йўналиш ўйлаб топгани йўқ. Гвардиола бунинг устида ишламаса ҳам керак. Испаниялик мутахассис доимо ўз жамоаси ўйинини такомиллаштириш йўлидан боради. Демак асосий савол, бу сафар икки мактаб қарама-қаршилигида кимнинг қўли баланд келади?

Гап фақат Пеп ва Клоппда эмас, умуман, «Энфилд» «шаҳарликлар» учун ўта ноқулай ўйингоҳ ҳисобланади. Ўн йиллар олдинку, «Манчестер Сити» пешқадамлардан анча узоқ бўлган, аммо катта пуллар кириб келгач, «Сити» уч марта АПЛни ютган кейинги даврларда ҳам бу стадионда доимо очко йўқотган. «Манчестер Сити»нинг «Ливерпуль» майдонидаги сўнгги ғалабаси 2003 йилга тўғри келади.

Таркибдаги муаммолар «Манчестер Сити»да жиддийроқ. Бенжамин Менди ва Илкай Гундўған бу ўйинда таркибдан четда қолса керак. Аммо яхши хабар ҳам бор – Кевин де Брюйне машғулотларни бошлаган. Бельгиялик ярим ҳимоячи ҳеч бўлмаганда захирадан жамоасига ёрдам бериши мумкин. «Ливерпуль»да эса, жамоа ўйинига мувозанат бериб турган ва балки айнан «Сити» каби рақиблар учун самарали бўлиши кутилган Наби Кейта «Наполи»га қарши ўйинда жароҳат олди.    

ВАЛЕНСИЯ – БАРСЕЛОНА (7 октябрь, 23:45)

Ҳафта ўртасини ҳар икки жамоа ҳам Англияда ўтказди. «Валенсия» «Олд Траффорд»да яхши таассурот қолдириб, дуранг ўйнаб қайтган бўлса, «Барселона» ниҳоят нохуш сериясига чек қўйди ва «Уэмбли»нинг вақтинчалик мезбонлари устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Унгача ўтган 3 турда «Барселона» икки марта ўз майдонида дуранг ўйнаган ва «Леганес»га мағлуб бўлганди. «Валенсия» эса, умуман дуранглар гирдобидаги қолиб кетган. Англиядаги дурангдан олдин Марселино шогирдлари лигадаги етти ўйиннинг бештасида дурангга имзо чекишганди.

«Валенсия» ўз майдонида етакчиларга етарлича қаршилик кўрсатиб келса-да, айнан «Барселона» билан статистика яхши эмас. Сўнгги 22 ўйиндан атиги 2тасида «кўршапалаклар»нинг қўли баланд келган. Қизиғи, мана шу икки ғалаба ҳам «Месталья»да эмас, «Камп Ноу»да қўлга киритилган. Ушбу стадионда каталонияликлар сўнгги бор мағлуб этилганига ҳам ўн йилдан ошди.

Таркиблар борасида меҳмонларда муаммолар кўпроқ. «Валенсия» таркибида фақат Санти Мина сафдан чиққан. Шунингдек, Манчестерда жуда фаол ўйнаган Гуэдеш ҳам тикланиб улгурмаган бўлиши мумкин. «Барселона» сафида эса, Луис Суарес тиззасидан жароҳат олди ва бу ўйинда жамоасига ёрдам бера олмаслиги мумкин. Бундан ташқари, Сержио Роберто ва Самуэл Умтити ҳам жароҳатда.

ПСЖ – ЛИОН (7 октябрь, 23:55)

Ҳозирда «Лилль» ва «Монпелье» Парижни яқинроқ таъқиб қилаётган бўлишса-да, бу икки рақиб ўртасидаги фарқ аллақачон 10 очкога етиб улгурган бўлса-да, бир нарсани тан олиш керак – ўйин сифати, таркиби ва кучи бўйича «ПСЖ»га энг яқин кела оладиган жамоа «Лион»дир. Францияда ҳам катта ўйин кўришни истасангиз, бу ҳафта буюртмангиз бажарилади.

«Лион» Манчестерда Гвардиола жамоасини енгиб, катта ўйинларда ҳам натижа кўрсата олишини исботлади. Чемпионатни кучли бошлаган «Дижон» ва «Марсель» каби жамоалар устидан ғалабалар ҳам жамоанинг катта ўйинларга тайёрлигидан дарак. Умуман, лионликлар жамоаси барча мусобақалаларда олти ўйиндан бери мағлубиятга учрамай келишяпти. «ПСЖ» - навбатдаги синов.

Шунингдек, бу ўйин «ПСЖ» учун ҳам яхшигина имтиҳон. Тухель жамоаси ушбу мавсумда ўтказилган 12 ўйиннинг 11тасини ўз фойдасига ҳал қилди ва ушбу 11 ўйиннинг барчасида рақиб дарвозасини камида уч маротабадан ишғол қила олди. «ПСЖ» жорий мавсумда Европанинг энг кўп гол урган жамоаси бўлиб турибди. «Црвена Звезда»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинидаги 6:1 ҳисобидаги ғалаба ва Неймарнинг ҳет-триги парижликларнинг ўйиндан-ўйинга янада кучайиб бораётганини кўрсатиб турибди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

6 октябрь. «БОРУССИЯ» Д – «Аусбург» (18:30), «ТОТТЕНҲЭМ» – «Кардифф» (19:00), «Алавес» – «РЕАЛ» (21:30), «Эмполи» – «РОМА» (23:30)

7 октябрь. «Фулҳэм» – «АРСЕНАЛ» (16:00), «МИЛАН» – «Кьево» (18:00), «Саутҳэмптон» – «ЧЕЛСИ» (18:15), «НАПОЛИ» – «Сассуоло» (21:00), СПАЛ – «ИНТЕР» (23:30).

Мавзуга оид