17:10 / 10.10.2018
68220

Муҳтожларнинг пулига кўз олайтирган инсон қиёфасидаги махлуқлар

Ўғриликни Аллоҳ Таоло ўз муқаддас китоби Қуръони Каримда қоралаган ва унинг улкан гуноҳ эканлигини айтган. Моида сурасининг 38 оятида «Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қилмишларига яраша жазо ва Аллоҳдан азоб сифатида қўлларини кесинглар! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир», - дейилган.

Ўғрилик тубанликнинг бир кўриниши. У ҳар қайси замон ва маконда энг ёмон иллат сифатида изоҳланган. Бировнинг мулкига кўз олайтириш ва унга яширинча эга чиқиш - разилликдан бошқа нарса эмас. Меҳнат билан эришиб тановул қилган бир ушоқ нонингизнинг мазаси, ўғрилик қилиб еган дунёдаги энг тансиқ таомлардан яхшироқ. 

Имом Исмоил ал-Бухорий ўз асарида ўғрилик қилаётган шахс айнан шу вақтда имондан чиқади, мўмин бўлмайди деб айтганлар. Демак, мабодо шу жараёнда жони чиқиб кетса, Аллоҳ сақласин, имонсиз кетиш ҳеч гап эмас. Ўлим ва ҳаёт ораси эса бир қадам. Лекин шунга қарамай орамизда бировнинг ҳақидан қўрқмас кимсалар ҳам топилади. 

Кўпчиликка маълум, KUN.UZ таҳририяти томонидан қийналган инсонларга ёрдам бериш учун хайрия акциялари уюштириб келинади. Яхшилардан Яратганнинг ўзи рози бўлсин – улар муҳтож инсонлардан ёрдамини аяшмайди. Баъзи яхшиларимиз келиб атаганларини беморларимизнинг қўлларига тутқазади. Баъзилари эса ўз пластик карталаридан беморнинг картасига пул маблағларидан ўтказиб, уларнинг эҳтиёжини чиқаришади. 

Mover'да кўриш

YouTube'да кўриш

Facebook'да кўриш

Аммо орада шундай воқеалар ҳам бўлиб турадики, гувоҳи бўлган кимсанинг тили лол, ўзи беҳол бўлиб қолади. Чунки улар ана шундай беморларнинг айримларидан пул ўғирлашди. Ушбу хайрия акциялари «9 йил спорт билан шуғулланган Элдор икки буйрак етишмовчилигидан азият чекмоқда», «Оила суянчи, оила боши хасталикка чалинмасин экан...», «Эрининг соғайиши учун курашаётган вафодор ўзбек аёли» ва «4 ёшли бола дуоси: «Онамни дуо қилинг...» сарлавҳаси остида эълон қилинган эди. Ўғрилар уларнинг мобил телефонига алоқага чиқиб, пул ўғирлашган. Бироқ яхши инсонлар кўмагида пуллар ўз эгаларига қайтарилди. 

Воқеаларга атрофлича тўхталсак. Ўғрилар уларнинг қўл телефонидаги «Telegram» ижтимоий саҳифасига АҚШ сим-картасига очилган профилдан алоқага чиқишган. Беморларга моддий ёрдам беришмоқчилигини айтишган. Бунинг учун улар «oson.uz» электрон тўлов тизими хизмати асосида яратилган платформага кириб (ўша вақтда у «osononlayn») ўзларига қарашли маълумотларни ёзишини айтишади. У ерга шахсий маълумотлар, пластик рақам реквизитлари ва бошқа маълумотларни киритишларини сўрайди. Ёрдамга зор бўлиб турган содда беморлар улар сўраган маълумотларни тўлдиришади. Натижада уларнинг телефон рақамига махфий сонлар келади ва уни ҳам ўша платформа бўш катагига жойлашади. Бундан ўғрилар унумли фойдаланишади ва маблағни тез фурсатда ўз ҳисобларига ўтказишади. 

Исроил Урунов
Oson.uz директори

Бироқ улар oson.uz компанияси ишлаш тизимининг барча имкониятларини ҳисобга олмаган экан. Профессионал ходимлар шубҳали пул операциялари учун алоҳида дастур ишлаб чиққан бўлиб, буни дастур осонгина топади ва раҳбариятга хабар қилади. Тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида уларнинг пул операциялари музлатилади. Жабрланганларнинг аризалари асосида уларнинг пул маблағлари тезда эгаларига қайтарилди. 

Пул-ку қайтарилди. Лекин танганинг иккинчи томони бор. Ўғрилар-чи? Йўқ, улар ҳали ушланмади. Жабрланган инсонларга улар 4 киши эканини айтишган. АҚШда истиқомат қиламиз деб ҳам ишонтиришган. Лекин улар Ўзбекистонда ҳам бўлишлари мумкин. Чунки «Telegram» ижтимоий саҳифасининг имконияти сизга маълум. Исталган рақамга очилган саҳифадан ўзга давлатда ҳам фойдаланиш мумкин. Тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ўғриларни ушлашларини ва тегишли жазо беришларини кутиб қоламиз.

Руҳсатингиз билан жабрдийда беморларнинг ўғрилар ҳақидаги фикрларини етказсам. Зора бировнинг ҳақидан қўрқмайдиганлар ва ўғриликни бошқа жабҳаларда қилиб юрганларга уларнинг дил азобида айтилган сўзлари етиб борса.“Сени лаънатлаш ярамайди. Биласанми нега? Чунки сенинг вужудингни шайтон эгаллаган. Аллақачон лаънатлангансан. Қайси юз билан ўзи зориқиб турган инсоннинг ҳақига кўз олайтирдинг? Оз бўлса ҳам виждонинг борми? Икки дунёинг куйиб кетаётганидан афсусланмайсанми, эй инсон қиёфасидаги махлуқ? Яна шундай ишларни давом эттирмоқчи бўлсанг, қайт бу йўлдан! Жиноят доим ўзидан из қолдиради. Нафсингга енгилма. Агар давом этсанг, сени «яшил китоб» ва судьянинг «болғачаси» кутиб турибди. 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниб, темир панжаралар орқасида қолмагин. Бу фақатгина бу дунёдаги жазо. Охират азобининг олдида ҳеч нарса эмас. Ўзи омонат бўлган қолган умрингни зое кетказмагин. Ундан кўра, кел, Яратган олдида тавба қил, қонунларга бўйсун. Аллоҳ раҳмдил. Иншооллоҳ кечиради. Ноумид фақатгина шайтон. Сенда умринг давомида тавба қилиш имкони мавжуд. Ўзингни оловга отма”.

Шу ўринда, хайрия акцияларида ўз ҳиссаларини қўшган инсонларга ва пулни қайтаришда яқиндан кўмак берган oson.uz жамоасига беморлар алоҳида ташаккур билдиришди. Аллоҳдан уларга бу дунёда муҳтожларнинг мушкулини енгиллаштиргани учун охиратда уларнинг мушкулини осонлаштиришини сўраб қолишди.

Зафарбек Солижонов

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top