15:20 / 14.10.2018
4511

Инновацион ривожланиш вазирлиги Туркия билан уруғчилик кластери тузмоқда

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Туркиянинг “Агробест” корхонаси раҳбари Эроглў Фаруни билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Учрашув давомида томонлар кластерни тузиш бўйича ишларнинг тез суръатлар билан олиб бориш зарурлигини таъкидлашди. Уруғчилик бизнесининг ўзига хос жиҳатларини эътиборга олганда бу масалада бир ойлик кечикиш ишнинг яна бир йилга ортга сурилишига сабаб бўлиши айтилди. Жаноб Фаруни ноябрь ойининг бошларидаёқ Тошкентга уруғчилик соҳасида 12 йиллик тажрибага эга мутахассис Рашид Ўтлук келиши кераклигини айтди. И. Абдураҳмонов, ўз навбатида, ҳамкорликдаги кластер тузиш масаласида барча шароитларни яратиб беришга тайёрлигини, жумладан, ташкилотнинг ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш, ер масаласини ҳал қилиш ишларига ўзи бош-қош бўлишини билдирди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Янги ташкил этиладиган уруғчилик кластери нафақат, уруғ етиштириш, балки уларни ташқи муҳит таъсири ва зараркундалардан ҳимоя қилиш учун дорилаш, сақлаш, қадоқлаш ишлари билан ҳам шуғулланади. Эроглу Фаруни, шунингдек, ҳар бир ҳудудга мос уруғ навларини етиштириб, уларни экиш, парваришлаш,умуман агротехникаси бўйича фермерлар билан семинарлар ҳам уюштиришни йўлга қўйиш кераклигини айтди.

Суҳбатдан сўнг И. Абдураҳмонов меҳмонни Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказига таклиф қилди. Вазир марказдаги илмий лабораторияларда ҳужайралардан кўпайтирилган пахта, буғдой, узум ниҳолларини кўрсатди, ген-нокаут усули билан яратилган “Порлоқ” туркумидаги тезпишар, ҳосилдор пахта навларининг хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди. Марказ қошидаги тажриба иссиқхонаси ва марказнинг бир неча гектарли пахтазори ҳам меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги
Top