Жаҳон | 13:52 / 15.10.2018
9128
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия Россияни Арктикадаги ҳарбий провокацияларда айблади

Фото: Сергей Федюнин/ТАСС

Россия қирувчилари ва ҳарбий кемалари Арктикада нидерландиялик ҳамда британиялик ҳарбийларни провокация қилишга уринмоқда. Бу ҳақда The Telegraph газетасига Нидерландия денгиз пиёда амалиётлари бошқармаси бошлиғи, генерал Жефф Макмутри маълум қилди.

«Биз Россия флотининг бизнинг машқларга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўряпмиз. Мисол учун, баллистик ракеталардан ҳимоя дастури доирасидаги машқларда ракеталар учирганимизда, одатдагидан кўпроқ рус кемаларини кўрмоқдамиз. Улар ўтган йилларга қараганда бизга яқинроқ келмоқда. Улар ўзларини кўришларини аниқ истаяптилар», - дея аниқлик киритди у.

«Россия самолётлари бизнинг кемаларимизга яқинроқ масофада учиб ўтиб, фақат ўзларининг мавжудлигини эслатиб турибди. Буни провокация дейиш мумкин», - дея таъкидлаб ўтди генерал.

14 октябрь куни Нидерландия Мудофаа вазирлиги раҳбари Анк Бейлевелд қироллик Россия билан киберуруш ҳолатида эканини маълум қилди. «Бизнинг маълумотларга кўра, улар Бутунжаҳон допингга қарши курашиш агентлиги, шунингдек, Донбасс узра қулаган MH17 бўйича суриштирув ишлари билан боғлиқ вазиятда жуда фаолдир. Биз бу соҳада содда бўлишни тўхтатишимиз керак», - деди Бейлевелд. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб «қўшимча чоралар кўрилмоқда, хусусан, махсус хизматларни молиялаштириш оширилмоқда».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ГРУ агентларига қарши айбловлар Россияга «камситувчи зарба» бергани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид