Жаҳон | 18:04 / 17.10.2018
8642
2 дақиқада ўқилади

ОАВ АҚШ Суриядаги ҳарбий миссияда нимага эътибор қаратишини маълум қилди

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Сурия ҳудудида ҳарбий можарода иштирок этишнинг янги стратегияни ишлаб чиқмоқда, дея хабар берди NBC News янги режа билан таниш бўлган бешта манбага асосланиб.

Янги стратегия Эрон қуролли кучларини Суриядан чиқариб ташлаш муаммосига янада кўпроқ эътибор қаратади. Таъкидланишича, янги режа тўғридан-тўғри эронликларга қарши ёки Эрон аскарлари ёхуд уларнинг воситачиларини ўлдиришга қаратилмаган. АҚШ ҳозирги стратегиясига кўра, америкаликлар ўзини ҳимоя қилиши мумкин ва таҳдид пайтида Эрон ҳарбийларига зарба беради. АҚШнинг янги режаси Эрон қуролли кучларини Суриядан чиқариб юборишга қаратилган сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, биринчи навбатда, уларни моддий жиҳатдан сиқиб чиқаришни назарда тутади, дея қайд этади NBC.

Бироқ, Пентагон расмийлари Трамп маъмуриятининг Эронга катта қизиқишидан хавотирда. Бу АҚШни Суриядаги ҳарбий можарога янада чуқур тортиши мумкин, деб ҳисоблайди АҚШ мудофаа маҳкамасидаги амалдорлар. АҚШ ҳарбийларининг маълум қилишича, Суриядаги Америка ҳарбий миссияси бундан кейин ҳам ИШИД террорчилик ташкилоти билан курашишга катта эътибор қаратади, Эрон билан кураш иккинчи ўринга тушади. Шу билан бирга, Оқ уй ва Давлат департаменти Эронга қарши курашга катта эътибор бериб, уни иқтисодий ва дипломатик йўллар билан сиқиб чиқаришга уринади, дейилади материалда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Сурияда ишлаётган Эрон ва Россия компанияларига қарши санкциялар тайёрлаётгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид