Жамият | 16:59 / 20.10.2018
19949
2 дақиқада ўқилади

Бозорларда нархларни сунъий оширмаслик бўйича таклиф берилди 

Фото: LiveJournal

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида бозорларда нархлар сунъий оширилмаслиги учун деҳқон бозорларини хизмат кўрсатувчи ташкилотга айлантириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

“Бугунги кунда юртимиз деҳқон бозорларида мўл-кўлчилик, маҳсулотлар тўкин-сочинлигини кўрамиз. Лекин шуни айтиш жоизки, бозорларимиздаги кўплаб “уддабурон тадбиркорлар” (даллол, олибсотар) ҳалол тадбиркорликка амал қилишмайди. Бозорларда чоршанба ва якшанбадан ташқари кунларда деҳқонларни учратиш қийин”, - дея ёзади муаллиф. 

Қайд этилишича, олибсотарларнинг тартибга солинмаган фаолияти бозорга келган деҳқон ва фермерларга маҳсулотини сотишдан олдин бозордаги сунъий оширилган нархлардан хабардор бўлиб, кейин сотишига олиб келмоқда. Бу эса нархларнинг янада ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда истеъмолчи маҳсулотнинг учинчи ёки тўртинчи харидори бўлмоқда. Олибсотарларнинг нархларни сунъий ошириб сотиши бозордаги нархларни ҳам ошириб юбормоқда. Улар фақат бозордаги жой ўрни учун патта тўлайдилар.

“Таклифим: деҳқон бозорларини “хизмат кўрсатувчи ташкилот” мақомига ўтказиш керак. Яъни бозорлар маҳсулот етиштирувчилардан сотиб олинган маҳсулотни истеъмолчига тўғридан-тўғри етказиши керак. 

Бунинг учун, деҳқон бозорларининг ишчилари сонини ошириш, мониторинг ва логистика бўлимларини ташкил қилиш лозим. Деҳқон бозори масъуллари деҳқонлар ҳамда фермерлар томонидан олиб келинган маҳсулотларни сотиш учун қулай шарт-шароитлар яратиши, бозор ҳудуди ва унга яқин жойларда омборхоналар, музлатгичлар ташкил қилиб, мева, сабзавотлар ва полиз экинларини тўғридан-тўғри аҳолига етказилишини таъминлаши керак. 

Натижада янги иш ўринлари пайдо бўлиб, деҳқон бозорларимизда нарх-навонинг “сунъий” ошиб кетиши олди олинади”, - дейди мурожаат муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ беморларни бепул дорилар билан таъминлаш устидан назоратни кучайтириш таклиф этилганди.

Мавзуга оид