Жамият | 21:58 / 27.10.2018
33308
4 дақиқада ўқилади

Булоқбошилик фермер кўчага ҳам хўжайин(ми?)

Муаммонинг катта-кичиги йўқ. Фуқаролар ўз дардларини маҳаллий мутасаддиларга айтиб жавоб ололмаганида, муаммога чора топа олмагач, умид билан матбуотга арзини айтишга жазм қилади.

Қуйидаги, мурожаатни ўргангани борганимизда, кўча аҳли, “Тошкентдан муаммомизни ўргангани келишингизга ишониб-ишонмай тургандик”, дея қарши олди. Дарҳақиқат, кичик муаммо. Лекин, унинг замирида одамларнинг бугунги кунги жараёнга бўлган ишончи ётибди.

Андижоннинг Булоқбоши туманидаги Навоий маҳалласи, “Қайрағочариқ” кўчасида яшовчи аҳолининг маҳаллий фермер билан алоқаси бузилиб кетган. Кўчанинг бир томони “Ширмонбулоқ фахри” фермер хўжалигига туташган экан. Ҳар куни одамлар фойдаланадиган, айниқса ёш болалар мактабга қатнайдиган кўча афтодаҳол. Аҳоли икки йилдан бери маҳаллий ҳокимиятга кўчани таъмирлаш бўйича кўп бора мурожаат қилишига қарамай, қишда лой, ёзда тупроқ йўл ҳақида ўйланадиган одам йўқ.

2017- йил 10 январь куни туман ҳокимлиги туманда кўчаларни таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилаётгани ва келгусида Дастурга қўшилиши ҳақида жавоб хати ҳам берган экан.

Бунинг устига, фермер хўжалиги кўчадаги ариқни трактор билан ковлаб, ундан чиққан ахлатни йўл қисмига ташлашни бошлайди. Энига олти метр бўлган кўча лой-балчиққа аралашиб кетди. Аҳоли норози бўлишига фермернинг пинагини ҳам бузмай: “Йўл меники, солиғини мен тўлаяпман. Хоҳлаган жойингга бор!”, дея жавоб берибди. МФЙ раиси М. Жалилов бошчилигидаги оқсоқоллар фермер Муборак Исмоиловага - “Йўл фермер хўжалигига қарамайди”, дея айтиб, уни тартибга солмоқчи бўлишгани ҳам бесамар кетди.

Фермер аёл шу кўчада яшовчи Баҳодир Сулаймонов ва Сурмахон Мамасолиеваларни беҳурмат қиладиган сўзлар билан ҳақорат қилган. Аҳоли, “Наҳотки, йўллар фермер тасарруфида бўлса?” дея ҳайрон. “Опа”нинг кўчага хўжайин бўлиб, айбини айтганни бепарда сўзлар билан ҳақорат қилиши охир-оқибат одамларнинг сабр-косасини тўлдирибди.

Фермер хўжалиги майдонлари мана шу ариқдан сув ичади. Лекин у лой ва балчиқни ўзининг дала томонига олиши ҳам мумкин эди. Унда икки метр ердан ютқазади. Кўча томонга олиб, аҳолига ноқулайлик туғдирмаслик учун ўша кунни ўзида, ёки озгина лойи қотгач, икки-уч кунда тракторга юклаб олиб кетса, муаммо ҳам бўлмасди. Бироқ у кўча ўзиники эканлигини ва кўчадаги балчиқни хоҳлаган пайтида олишини айтди.

Унга, кўчада яшовчиларни қийналаётганини, кўнгли оғриганини қизиғи йўқ эди. Аҳолининг кўча юриб бўлмас даражага келганлигидан, фермернинг қонунларга бўйсунмаслигидан норози бўлгани қолди холос.

Биз  “Қайрағочариқ” кўчасига туман кадастр бўлими мутасаддиси Низомжон Қодиров ва ҳудуд профилактика инспектори билан бирга бордик. Кадастр вакили аҳоли ва хўжалик раҳбарига кўча фермер хўжалиги тасарруфида эмаслигини тушунтирди. Лекин, шунда ҳам фермер кўчадаги қотиб қолган балчиқни олмаслигини айтди. Ўша жойга етиб келган туман мутасаддилари бизга кўчадаги балчиқ бугундан қолмай олинишини айтдилар.

Мутасаддиларга туман ҳокимлиги, ИИБ жанжалли ҳолатни таҳлил қилишга эртароқ киришганида бундай салбий муаммо чиқмаслигини айтиб, “Нуроний” жамғармаси, туман хотин-қизлар қўмитаси аҳолини оммавий ишларга жалб қилиш билангина шуғулланмай, балки аҳоли ўртасидаги мана шундай ҳолатларга эътибор қаратишса яхши бўлишини билдирдик.

“Қайрағочариқ”қа 27 октябрь куни эрталаб боргандик. Шу куннинг ўзида аҳоли вакиллари қўнғироқ қилиб кўчада тозалаш ишлари бошланганини айтишди.

Юқорида айтганимиздек, кўча фермер томонидан эмас, балки мутасаддилар томонидан тозаланган...

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид