Жамият | 11:00 / 29.10.2018
63684
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги тунги пойга вақтида бир киши ҳалок бўлди

27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси, тахминан соат 2:00да «Лаcетти» русумли автомобиль ҳайдовчиси ўз автотранспортини ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариб, ЙПХ инспекторининг тўхташ белгисига бўйсунмасдан белгиланган тезликни оширган ҳолда воқеа жойидан беркинишга уринган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар қилмоқда.

Ҳуқуқбузар автомобили Шайхонтоҳур тумани Олмазор ва Ислом Каримов кўчалари туташган чорраҳадан катта тезликда светофорнинг ҳаракатни тақиқлайдиган сигналини эътиборга олмасдан ўтиб кетиб «HOWO» русумли миксер юк машинасига урилган. 

ЙТҲ натижасида «Лаcетти» ҳайдовчиси - 29 ёшли Жўрабек А. тан жароҳатлари билан шифохонага етказилди. Енгил машина йўловчиси – 26 ёшли Шаҳбоз Х. олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида ҳалок бўлди. 

ЙТҲ факти асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми («Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») бўйича жиноий иш қўзғатилди. 

Тергов давомида ЙТҲ сабаблари ва ҳайдовчининг тезликни оширишига сабаб бўлган ҳолатлар аниқланади. Ҳуқуқбузарни таъқиб қилиб келган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланди. 

Мавзуга оид