19:27 / 31.10.2018
3875

Атом энергетикасига оид билимларни оширишга йўналтирилган семинар бўлиб ўтди

Бугун, 31 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун “Жамоатчиликни атом энергетикаси устувор жиҳатларидан хабардор қилиш” мавзусидаги семинар бўлиб ўтди. Тадбир “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” корпорацияси томонидан ташкиллаштирилди. 

Тадбирда “Ўзатом” агентлиги бош директори биринчи ўринбосари Виталий Драгунов, “Русатом – Халқаро тармоқ” коммуникациялар департаменти директори Айрат Шавалиев, “Илм-фан энергияси” атом энергияси ахборот маркази тармоғи эксперти, ”Россия атом ҳамжамияти”нинг таълим маслаҳатчиси Андрей Акатов ва “Росатом мамлакати” газетасининг бош муҳаррири Юлия Гилева иштирок этди. 

Семинар доирасида Ўзбекистоннинг журналист ва блогерлари Россия атом соҳаси тажрибаси ва Ўзбекистон учун замонавий ядровий технологияларга оид маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбирла атом энергетикасининг устувор жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. 

“Ўзатом” агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Виталий Драгуновнинг KUN.UZ’га маълум қилишича, атом энергетикасининг асосий тамойилларидан бири жамоатчилик ва одамларнинг бу ҳақида тўлиқ ва объектив маълумотга эга бўлишидир. 

Виталий Драгунов

“Одамлар маълумотларнинг аксарият қисмини оммавий ахборот воситаларидан олишади. “Ўзатом” агентлиги атом энергетикаси ҳақида хабардор қилувчи журналистларимизнинг буни ҳаққоний, асосли ва тўғри етказишларидан манфаатдордир. Бугун РФнинг “Росатом” давлат корпорацияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган семинар – кенг доирадаги ўзбекистонлик журналистларни атом мавзусига жалб қилиш сари ташланган илк қадам бўлиб, бу уларнинг одамларга замонавий атом технологиялари ҳақида тўғри маълумот етказишлари учун хизмат қилади”, - дейди мутахассис.

Виталий Драгуновнинг сўзларига кўра, келгусида ўзбекистонлик журналистларнинг амалдаги атом электр станциялари фаолияти билан яқиндан танишиш учун Россия ҳамда бошқа хорижий мамлакатларга сафари ташкил этилиб, унинг давомида АЭС ишчилари ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиш ҳамда бу технологиянинг хавфсизлигига шахсан ишонч ҳосил қилиш имкони яратилади.

Семинарнинг иккинчи қисмида ОАВ вакиллари учун “Қандай қилиб мураккаб мавзу ҳақида оддий ва тушунарли ёзиш мумкин?” мавзусида маҳорат дарси ўтказилди. 

Бундан ташқари, журналист ва блогерлар атом электр станцияси билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Top