Жамият | 17:42 / 01.11.2018
5954
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия ёшлар туризми соҳасида ҳамкорлик қилишга келишди

Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида “Ҳамкорлик, ташаббуслар ва инновациялар” мавзусидаги Ўзбекистон-Россия Ёшлар фестиваль-форуми бўлиб ўтди. Тадбир ёшлар туризмини ривожлантиришда ёшларнинг ролига бағишланган бўлиб, у Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Россия ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Саидакбархон Акбаров юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги тақдимоти билан иштирок этди. 

Саидакбархон Акбаровнинг KUN.UZ мухбирига маълум қилишича,  Ўзбекистон-Россия ёшлар фестивали уч кун давомида Тошкент, Самарқанд ҳамда Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган. Тадбир доирасида икки мамлакат ёшлари ўртасида турли соҳаларда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилишига эришилган, шу жумладан туризм соҳасида ҳам. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

“Туризм бўйича Ўзбекистоннинг 50 дан зиёд туристик компанияси Россия турфирмалари билан ўзаро шартномалар тузди. Мазкур шартномалар келгусида Россиядан Ўзбекистонга сайёҳлар йўлланиши ҳамда, ўз навбатида, Ўзбекистондан Россияга туристлар жўнатилишини назарда тутади. Самарқандда ўтган тадбир давомида россиялик ҳамкасбларимиз ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ва керакли маълумотларга эга бўлишди. Форум якунларига кўра, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети ва Россия олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликка доир меморандумнинг имзоланиши кутилмоқда. Бу икки мамлакат талабаларининг ўзаро алмашув дастурини йўлга қўйиш имконини беради”, - дейди Акбаров. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу форум икки мамлакат ёшларининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, бундан аввал Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ёшлар орасида туризмга оид самарали бизнес-лойиҳалар танлови ҳақида эълон қилган.

Мавзуга оид