Ўзбекистон | 00:14 / 02.11.2018
5812
3 дақиқада ўқилади

Олий таълим: Азиз Абдуҳакимов халқаро эксперт Жамил Салмий билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов олий таълим соҳасидаги халқаро эксперт Жамил Салмий билан учрашди. Унинг мамлакатимизга ташрифи давомида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жиззах вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, пойтахт ва минтақалардаги олийгоҳлар ректорлари билан учрашувлар ташкил этилди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик форматлари, шу жумладан Ўзбекистондаги олий таълим тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқишга халқаро экспертларни жалб қилиш имкони муҳокама қилинди.

Фото: Камиль Еникеев

Музокаралар давомида Жамил Салмийга Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида олий таълим қамровини кенгайтириш, шакл ва йўналишларини диверсификациялаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар, шунингдек таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга доир қабул қилинган қарорлар ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, учрашувда Ўзбекистон ҳудудида хорижий олий таълим даргоҳларининг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тақдим этилаётган имкониятлар – 2023 йилга қадар барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлардан озод қилиш, қўшимча лицензиялаш жараёнларисиз ТОП-1000 рейтингига кирувчи хорижий ОТМлар филиалларини яратиш каби имкониятлар ҳақида сўз юритилди.

Фото: Камиль Еникеев

Шунингдек, суҳбат давомида меҳмон Ўзбекистонда бошланган  таълим тизимини минтақавий таълим хабига айлантиришга оид тизимли ишлар, 2019 йилда 13 янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиши, 8 хорижий ОТМ филиали ва 22 қўшма факультетлар очилишидан хабардор қилинди.

Европа, Осиё ва Лотин Америкасининг қатор университетлари халқаро кузатув қўмиталари аъзоси ҳисобланган Жамил Салмий, ўз навбатида, Тошкентда Жанубий Корея ОТМлари – Ёжу, Сижон ва Пучон, АҚШнинг Вебстер, Латвиянинг ИСМА олийгоҳлари ҳамда Франция Мода академияси филиаллари очилиши каби тизимда эришилаётган ютуқларни алоҳида қайд этди.

Фото: Камиль Еникеев

Учрашув якунида Ўзбекистон томондан олий таълим соҳасида, шу жумладан республикада флагман университет фаолиятини ташкиллаштириш бўйича узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш таклиф қилинди.

Маълумот учун: Жамил Салмий олий таълим соҳасида халқаро эксперт ҳисобланиб, қатор мамлакатлар ҳукуматлари, университетлари, халқаро ва минтақавий банклар ҳамда агентликларга консультацион хизматларини тақдим этади. Салмий 2012 йилга қадар Жаҳон банкининг олий таълим масалалари бўйича координатори лавозимини эгаллаган. У Жаҳон банкининг олий таълим сиёсатига оид биринчи ҳужжатини ёзган, шунингдек у 2002 йилги Жаҳон банки олий таълим стратегияси муаллифи ҳамдир, стратегия “Билимлар жамиятини қуриш: олий таълим учун янги чақириқлар” деб номланган. Охирги 20 йилда Жамил Салмий 80 дан ортиқ мамлакатдаги университетлар ва давлат бошқарувлари раҳбариятларига олий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва стратегик ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатлар берган.

Мавзуга оид