Жаҳон | 16:26 / 03.11.2018
6453
2 дақиқада ўқилади

Австрия контрразведка хизмати ходимлари коррупцияда гумон қилинмоқда

Австриянинг иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўйича прокуратураси мамлакат конституциясини ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашиш идораси (контрразведка) ходимлари 2015 йилда суриялик генералга зудлик билан сиёсий бошпана берганликлари юзасидан суриштирув ишларини бошлади. Бу ҳақда Kurier газетаси хабар берди.

Газетанинг билдиришича, Сурия махсус хизматлари собиқ генерали Холид Х. Раққа шаҳрида содир этилган ҳарбий жиноятларда гумонланиб Европа полиция агентлиги томонидан қидирилмоқда.  

Маълум бўлишича, генерал 2015 йилда аввалига Франциядан бошпана сўраган, аммо Франция ҳукумати жавобини кутиб ўтирмасдан Австриядан ҳам бошпана сўраган. Ўз навбатида Австрия ҳукумати Париж биринчи давлат сифатида генерал учун масъул бўлишига қарамасдан унга бошпана бериш жараёнини бошлаган. Контрразведка хизмати эса унинг ҳарбий жиноятларга алоқаси йўқлигини билдирган ва у ярим йил ичида қочоқ мақомини олган.

Оқибатда Франция 2017 йилда суриялик генералнинг бошпана сўраш ҳақидаги сўровини рад этган ва 2018 йилда унга нисбатан инсониятга қарши жиноятлар содир этиш айблови билан иш очган. Австрия прокуратураси ҳам контрразведка ва миграция хизмати ходимларининг унга сиёсий бошпана беришда ўз лавозимларини суиистеъмол қилганликлари юзасидан текширув ишларини бошлаган.

Аввалроқ шу йилнинг март ойида Австрия ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги мамлакат конституциясини ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашиш идораси Жанубий Корея ҳукуматига махфий равишда КХДР фуқароларининг хорижга чиқиш паспортларини берганликда айбланганди. 

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид