Ўзбекистон | 17:00 / 06.11.2018
36837
2 дақиқада ўқилади

Бекобод тумани туғруқxонасида ҳомиладор аёл ўлимида айбланган гинеколог суд қилинади

Бекобод туман прокуратураси томонидан шу йилнинг июнь ойи охирида Бекобод тумани туғруқхонасида содир бўлган фожиали ҳодиса - фуқаро К.А ва унинг чақалоғи ўлими ҳолати юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Шу йилнинг 28 июнь куни Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида доимий рўйхатда турган ва Бекобод туманида яшаб келган фуқаро К.А туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига ҳомиладорлиги бўйича мурожаат қилган, шу куни туғруқ бўлимига қабул қилинган. Касаллик тарихига ҳомиладорлик вақти 42 ҳафта ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган.

Лекин, туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими акушер-гинеколог шифокорлари томонидан фуқаро К.А.нинг умумий аҳволи тиббий кўрикдан бепарволик ва қониқарсиз аҳволда ўтказилган. Ҳомила 42 ҳафталик бўлганини инобатга олишмаган. Бепарволиклар оқибатида фуқаро К.А ва унинг ҳомиласи нобуд бўлган.

Жорий йилнинг 2 июль куни Бекобод туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ва бошқа ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Уларга Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик ва эҳтиётсизлик натижасида қилинган қилмишлар одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан айб қўйилганди. 

Ўтган вақт мобайнида жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. Мазкур ҳолат юзасидан 3 июлда комиссион суд тиббий экспертизаси тайинланган. Унинг натижасига кўра, 30 сентябрь куни Бекобод туман тиббиёт бирлашмаси собиқ врач-гинекологи Ф.У.га айблов қўйилган. Унга нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судига юборилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судида кўрилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид