Спорт | 17:40 / 08.11.2018
21849
3 дақиқада ўқилади

Моуриньо «Ювентус» билан ўйин сўнгидаги масхараомуз ишорасини тушунтирди

Фото: ISABELLA BONOTTO/AFP/Getty Images

«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Жозе Моуриньо «Ювентус»га қарши Туриндаги ўйиндан кейин стадионга йиғилган мезбон жамоа мухлисларига қилган ишораси билан нима демоқчи бўлгани ҳақида айтиб берди.

«Бу хатти-ҳаракатим уларни ҳақоратлаш маъносида эмас. Мен, шунчаки, улар яна нима ҳақдадир бақиришармикан, шуни эшитмоқчи эдим холос.

«МЮ»дек клубда ишлар эканман, ўтмишим ҳақида айниқса ўйин вақтида унутиб туришим керак. Мен 90 дақиқа давомида «Интер», «Реал» ёки «Челси» мураббийи бўлганим ҳақида ўйламайман, албатта. Бу дақиқалар давомида мен «Манчестер Юнайтед» манфаатини кўзлаб бош қотираман. Аммо улар – бошқалар – мен олдин ким бўлганимни унутишмаган.

Мен ўз ишимни қиляпман, вазифам - «Ювентус»ни мағлуб этиш. Бу супержамоани ўз майдонида мағлубиятга учратганимиздан хурсандман. Улар барча совринларни қўлга киритишни исташяпти ва бу уларнинг қўлидан келади. Бизнинг жамоада эса кўплаб футболчилар бундай катта ўйинларда қатнашиб кўрмаган», - деган Моуриньонинг сўзларини келтириб ўтди Sky Sports.

Маълумот учун, португалиялик мутахассис 2008-2010 йиллар давомида «Интер»га устозлик қилиб, 2 мавсумда 2 марта А Серия чемпионлигини қўлга киритган; «Ювентус» билан кечган 4 учрашувда 2 марта ғалаба қозониб, бир мартадан дуранг ва мағлубият қайд этган. «Интер» Моуриньо мураббийлигининг сўнгги йилида учта асосий кубокни қўлга киритган, айнан шундай натижани туринликлар ҳеч қачон қайд эта олмаган.

Икки ҳафта олдин Манчестерда кечган «МЮ» - «Ювентус» баҳсида итальянлар 2:1 ҳисобида устун келган, ўйиндан сўнг Моуриньо унинг устидан кулиш мазмунида қўшиқ куйлаётган меҳмон жамоа мухлисларига бармоғи билан уч ишорасини кўрсатган, бу билан юқорида таъкидланган фактга – «Интер» бошқарувида «Ювентус» ҳеч қачон эриша олмаган натижани қайд этганига ишора қилган эди.

Мавзуга оид