Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркорга ер берилмаяпти: Навоийда президент топшириғи қачон бажарилади?
Видео: YouTube
Видео: TasIX
Жорий йилнинг 30 июль куни Kun.Uz сайтида “Президентдан кўмак олишга эришган тадбиркор қиз қандай тўсиқларга учрамоқда?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Шундан сўнг, туман ҳокимлиги 2018 йил августида таҳририятга мактуб йўллаб, мазкур тадбиркор муаммоси ижобий ҳал этилаётгани, бино ва иншоотлар қуриш учун 3,5 гектар ер ажратиб бериш масаласи ижобий ҳал этилгани, озуқа базасини шакллантириш учун 7,4 гектар ер майдони ажратиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилганди. Хўш, ёш тадбиркор аёл муаммолари ҳақиқатда барҳам топдими? Танқидий мақоладан сўнг, унинг фаолияти нечоғли ўзгарди? Таҳририят тасвирга олиш гуруҳи Навоий вилоятига навбатдаги сафари чоғида Навбаҳор туманидаги “Довуд ота келажаги” паррандачилик хўжалигига ҳам бориб, сайтда эълон қилинган мақоладан сўнг, мутасадди идоралар томонидан ҳақиқатда қандай чоралар кўрилганига қизиқди. Одатдагидек, дастлаб мурожаатчи билан учрашиш мақсадида собиқ почта биносига борамиз.

Бу бино президентнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига биноан “ноль” қийматда бройлер жўжаларини боқиши учун Гулҳаёга тақдим этилган. 400 млн сўм кредит ажратилгани, Дамас автомашинаси етказиб берилгани ҳақида ҳам аввалги лавҳамизда сўз юритилганди. Бироқ, озуқа базасини шакллантириш, товуқларни сўйиш, гўштини сақлаш учун музхона қуришга ер ажратиш борасида ҳамон “эски ҳаммом, эски тос” десак муболаға бўлмайди. Муаммо ҳануз ўша-ўша. Ер ажратилмаяпти.
Ёш тадбиркор оила ер масаласида ҳатто Тошкентга Президент қабулхонасигача боришга мажбур бўлган. У ердагилар масала ҳал этилишини айтишган ҳамда жавоб мактубини Навоий вилоят прокуратурасига юборган. “Туман ҳокимлиги эса, прокуратурага ер ажратилгани хусусида ёлғон маълумот берди. Лекин, ҳаммаси кўзбўямачилик, менга ҳеч ким ер ажратиб бергани йўқ”, - дейди Гулҳаё.

Гулҳаё Эргашева ва турмуш ўртоғи айни вақтда таъминотчи ҳам бўлишгани, бироқ кўп ҳолларда уларнинг маҳалладаги жўжа боқаётган хонадонларга етказиб бераётган маҳсулотлари учун маблағлар ўз вақтида ўтказиб берилмаётганидан нолишди. Улар бир неча минг жўжани ўз маблағлари ҳисобидан боқишга мажбур бўлишмоқда. 2-3 кун қаровсиз қолган бройлерлар заифлашиб, нобуд бўлиши ҳеч гап эмас.

Таъкидлаш ўринлики, жой ва ер муаммоси жиддийлиги, бироқ олган кредит учун ҳар 15 кунда 18 млн сўм тўлаши даркорлиги, бунинг учун боқилаётган жўжалар сонини оширишга мажбур бўлгани сабабли Гулҳаё ўзлари яшаб турган ҳовлисида ҳам жўжа боқишга мажбур бўлмоқда. Бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Қўланса ҳид уйга кирмасимиздан димоққа урилади. Дарвозахонадан кирганда уйнинг тенг ярми жўжаларга ажратилган.
Тадбиркор қиз, ер ажратиб берилганида, музхона, кушхона ҳамда 40-50 мингта жўжани боқишга мўлжалланган бино қуриш, Германиядан бройлер жўжа очадиган замонавий инкубатор олиб келишни режалаштиргани, аммо ҳозирча, бу режалар фақат хомхаёл бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Биз тадбиркор оила уйидан чиқиб, туман ҳокимлиги томон йўл оламиз. Бу ерда туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Баҳром Раҳмонов билан учрашдик ҳамда “Довуд ота келажаги” тадбиркорлик субъектига ер ажратиш учун нима тўсқинлик қилаётганига қизиқдик.
“Ҳақиқатдан ҳам жавоб хати берилган. Тадбиркор қизнинг турмуш ўртоғи билан бориб, 32-контурда 7,4 гектар ер майдони кўриб, ўша жой ажратилиши керак эди. Бу борада талабгорнинг розилик хати ҳам олинган. Бироқ, ердан фойдаланиб келган аввалги фермер бу ер майдонини ҳокимлик ноқонуний олиб қўйганини даъво қилиб, мурожаатлар қилавергач, ерни янги тадбиркорга беришни тўхтатдик”, - деди туман кадастри мутахассиси.
Шундан сўнг, Б.Раҳмонов тадбиркорнинг ўзини ҳокимликка чақириб, дардини эшитиб кўриш борасидаги таклифимизни маъқуллаб, уларни чақиртирди. Ҳоким муовини билан суҳбатимиз тадбиркорлар иштирокида давом этди.

Хуллас, ҳозирча, туман ҳокимлиги мулозими тадбиркорга ер ажратиб бериш масаласини ижобий ҳал этилишига кўмаклашиш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Ижроси қачон ва қандай бўлишини вақт кўрсатади. KUN.UZ таҳририяти эса, бу мавзуга яна қайтади.
Мавзуга оид
23:10 / 30.05.2026
Навоийда минг доллар порани рад этган ЙПХ ходими мукофотланди
23:50 / 19.05.2026
Навоийдаги конда яширинча олтин қазиш билан шуғулланган гуруҳ ушланди
17:53 / 11.05.2026
Навоийда куёвини ўлдириш учун киллер ёллаган аёл ушланди
15:40 / 06.05.2026