Жамият | 21:05 / 09.11.2018
9783
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «гашишчи»ларга суд ҳукми ўқилди

Жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳри, Сергели туман суди Бакаев Ш. раислигида суд мажлиси ўтказилди. Мажлисда судланувчи А.И. ва М.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми (бу қисмнинг гиёҳвандлик воситаларини олиб ўтиш банди тегишли) ва 273-моддаси 5-қисми (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) суд иши кўриб чиқилди.

Суднинг аниқлашича, А.И. Мурод исмли шахсга 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси «Ипотека-банк» Чилонзор филиалида «Золотая корона» халқаро пул ўтказма тури орқали ўтказган пуллари ва Whatsapp ва IMO ижтимоий тармоқлари орқали сўзлашувлар билан айб ўз исботини топди. Ушбу жиноий фаолиятда биргаликда ҳаракат қилган А.И. ва М.Ж. Мурод исмли шахс билан келишган. Бу шахс Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон ҳудудига божхона текширувини четлаган ҳолда «Камаз» юк машинасида 5 кг. «гашиш» гиёҳвандлик воситасини ўтказган. Тошкент шаҳри Чилонзор метро бекати яқинида гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинган.

Суд айби исботланган судланувчиларга жазо тайинлади. Судланувчи А.И. Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми, 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилди. Судланувчи М.Ж. га нисбатан ҳам 246-моддаси 2-қисми, 273-моддаси 5-қисми билан 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва Кодекснинг 96-моддаси билан жазони ижро этиш жойларида гиёҳвандликдан (гашиш) мажбурий тарзда даволаш тайинланди.

Тарафларга суддан норози тараф 10 кун ичида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Мавзуга оид